Қашқадарёнинг Яккабоғ тумани “Дархон” маҳалласида трансформатор пунктини ўрнатиш вақтида мерос объектига жиддий зиён етказилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ушбу туманда жойлашган VI—XII асрларга оид “Чилламазортепа” маданий мерос объекти сифатида рўйхатга олиниб, давлат муҳофазасида бўлган.
Туман электр таъминоти корхонаси масъул шахслари томонидан ушбу маҳаллада трансформатор пунктини ўрнатиш учун ёдгорликнинг 3,75 метр куб ҳажмдаги қисми ноқонуний равишда ковланган. Оқибатда маданий мерос объектига 93 миллион сўмлик зарар етказилган.
Аниқланган ҳолат юзасидан Яккабоғ туман электр таъминоти мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)