Гаитидаги маҳаллий ҳокимият органларининг 6 июнга ўтар кечаси берган маълумотларига кўра, мамлакатда сўнгги кунларда сув тошқини ва кўчкилар оқибатида камида 42 киши ҳалок бўлди.
Қутқарувчилар яна 11 киши бедарак йўқолганини хабар қилди. Бир неча кун аввал бошланган ёмғирлар мамлакатнинг 10 та департаментидан 7 тасида сув тошқини ва вайронагарчиликларга сабаб бўлди, деб ёзмоқда AFP агентлиги. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига кўра, 37 минг киши жабр кўрган, 13 мингдан ортиқ одам уйини ташлаб кетишга мажбур бўлган.
Гапити пойтахти Порт-о-Пренсдан 30 километр ғарбда жойлашган Леоган шаҳри энг кўп жабр кўрди. У ерда 3 та дарё ўзанидан тошиб кетган ва маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, 20 дан ортиқ одам ҳалок бўлган. Шаҳар мэри Анри Эрнсоннинг айтишича, аҳоли далалари ва чорва молларидан айрилган. Леоганда озиқ-овқат, сув ва тиббий буюмлар етишмаяпти.
Май ойи ўрталарида Италия шимолида сув тошқинлари оқибатида камида 13 киши ҳалок бўлганди, 10 мингдан ортиқ одам уйини ташлаб кетган.
Аввалроқ Африкада “Фредди” бўрони қурбонлари сони 500 кишидан ошгани, Туркиянинг зилзиладан жабр кўрган вилоятлари сув остида қолгани ҳақида хабар берилганди.