Россияда иш жойида содир бўлган бахтсиз ҳодиса оқибатида меҳнат қобилиятини йўқотган эркакка 8 минг доллардан зиёд пул ундириб берилди. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ахборот хизмати хабар берди.
Унга кўра, фуқаро Б.А. 2019 йил 15-октябрь куни иш жойида содир бўлган бахтсиз ҳодиса оқибатида меҳнат қобилиятини йўқотган ва унга етказилган зарарни қоплаш мақсадида компенсация пулини ундириш учун 2022 йилда ариза билан мурожаат қилган.
Мурожаат юзасидан Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москва шаҳридаги ваколатхонаси ҳузуридаги Меҳнат мигрантларининг мурожаатлари билан ишлаш ва ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш маркази томонидан Россиянинг Пенсия ва ижтимоий суғурта фондига бир неча бор мурожаат хатлари юборилиб, музокаралар ўтказилди.
Натижада юртдошимиз фойдасига 647 минг рубль (8100 АҚШ доллари) компенсация пули ундириб берилди. Шунингдек, фуқарога 1 майдан бошлаб умрбод муддатга ҳар ойда 21431 рублдан нафақа пули тўланишига эришилди.
Изоҳ (0)