Шавкат Мирзиёев 26 май куни Air Products компанияси бош ижрочи директори Сейфи Гасемини қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Унга кўра, Ўзбекистон иқтисодиётининг стратегик тармоқларида юқори технологик лойиҳаларни илгари суришда АҚШнинг ўз йўналишида глобал етакчи бўлган ушбу компанияси билан амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Давлат раҳбари компания раҳбарини 1 миллиард доллар миқдорида тўғридан тўғри инвестицияларни жалб қилган ҳолда Қашқадарё вилоятидаги GTL заводининг учта саноат газ ускунасини харид қилиш бўйича келишув муваффақиятли якунлангани ва тегишли битим имзолангани билан табриклади.
Air Products яна бир йирик лойиҳада – камида 700 миллион долларлик инвестицияларни жалб қилган ҳолда Бухоро вилоятида MTO технологияси асосида газ-кимё мажмуаси қурилишида иштирок этаётгани қайд этилди.
Мамлакатда “яшил” водород соҳасини ривожлантириш бўйича яна бир асосий ҳамкор — Саудия Арабистонининг АCWА Power компанияси иштирок этаётган лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш муҳимлиги таъкидланди.
Изоҳ (0)