“Савдо-саноат палатаси фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги президент фармони қабул қилинди, деб хабар беради Normа.
Ҳужжатга мувофиқ:
- давлат органлари ва идоралар томонидан тадбиркорликка оид барча ташқи беғараз кўмак лойиҳаларини амалга оширишда Савдо-саноат палатаси лойиҳа ҳамкори сифатида жалб қилинади.
Шунингдек, ССПнинг қўшимча молиялаштириш манбаи сифатида давлат томонидан ажратиладиган субсидиялар белгиланмоқда.
Маълумот учун, 2023 йилнинг якунига қадар республиканинг 23 та туманида ССП, хайрия маблағлари ҳамда маҳаллий бюджетлар маблағлари ҳисобидан “тадбиркорлар хиёбонлари” барпо этилиши режалаштирилган. Мазкур хиёбонлар Wi-Fi зоналарга эга бўлади ҳамда улардан тадбиркорлар, банк вакиллари, инвесторларнинг бизнес лойиҳаларини муҳокама қилиш майдони сифатида фойдаланилади.
Ҳужжат Қонунчилик маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 18 майдан кучга кирган.
Шавкат Мирзиёев раислигида 15 май куни камбағалликни қисқартириш ва бандликни таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилишида тадбиркорларни рағбатлантириш ҳақида гап борганди. Дастурда иштирок этадиган тадбиркорларга солиқлардан алоҳида имтиёзлар берилади. Жумладан, камида 20 фоиз камбағал оила аъзосини бир йил давомида иш билан таъминласа, мол-мулк ва ер солиқларидан озод қилинади. 5 миллион сўмгача иш ҳақи тўлаётган тадбиркорларга ижтимоий солиқ ставкаси 2 баравар камайтирилади. Камбағал оила аъзоси ҳам даромад солиғидан озод қилинади.
Изоҳ (0)