Ўзбекистон ва 104 нафар Нобель мукофоти совриндори ўқиган Колумбия университети ўртасида ҳамкорлик ўрнатилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, АҚШда хизмат сафарида бўлиб турган соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятовнинг навбатдаги учрашуви Нью-Йорк шаҳрида жойлашган Колумбия университети раҳбарияти билан ўтказилди. Ушбу олий ўқув юрти қарийб 270 йиллик тарихга эга. Муассаса жаҳон рейтингида юқори ўринга эга. У Қўшма Штатлардаги энг йирик тадқиқот муассасаси ҳисобланади.
Учрашувда тўртта йўналиш — соғлиқни сақлаш, менежмент, ҳамширалик иши ва стоматология бўйича юртимиздаги барча тиббиёт олий ўқув юртлари, хусусан, Тошкент давлат стоматология институти билан ўзаро ҳамкорлик қилиш бўйича келишувларга эришилди.
Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси стоматология соҳасида илмий грант лойиҳаларини амалга ошириш, бу йўналишда ординатура ва докторантура таҳсилини йўлга қўйиш, юқори босқич талабаларининг академик алмашинувини таъминлаш, ўқитувчилар касбий малакасини ошириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Изоҳ (0)