Журналистлар Қозоғистон мудофаа вазири ўринбосари Султон Камалетдиновдан мамлакатга ҳужум бўлган тақдирда, қозоқ армияси қанча вақт дош бера олишини сўради. Бу ҳақда “Zakon.kz” хабар берди.
Камалетдиновнинг сўзларига кўра, Қозоғистон барча қўшни давлатлар билан дўст.
“Сиз кимни потенсиал рақиб сифатида кўрасиз? Мамлакатимиз кўп векторли сиёсат олиб бормоқда. Қўшниларимиз билан чегараларимиз ҳаммаси белгилаб қўйилган, имзоланган. Биз қўшниларимиздан ҳеч бирини потенсиал душман деб ҳисобламаймиз. Улар билан дўстмиз. Бизда яхши қўшничилик муносабатлари ўрнатилган”, — деган мудофаа вазири ўринбосари.
Аввалроқ Камалетдинов Украинадаги уруш фонида Қозоғистон армиясида кузатилган ўзгаришлар ҳақида гапирганди.
“Бир-бирига ўхшаш қуролли тўқнашувлар йўқ, уларнинг ҳар бири ўзига хос хусусиятларга эга. Шунинг учун вазиятни таҳлил қиламиз, кузатамиз, тегишли хулосалар чиқарамиз, жанговар тайёргарлик дастурига ўзгартиришлар киритамиз”, — деган у.
Шунингдек, Қозоғистон мудофаа вазири ўринбосари армияда айнан нима ўзгарганига аниқлик киритди.
“Биринчидан, биз пухта тайёргарлик кўришни, дрон операторлари билан ўқув машғулотларини ўтказишни бошладик. Чунки ҳозирги қуролли конфликт дронлар ҳам разведкада, ҳам зарба беришда фаол қўлланаётганини кўрсатади. Иккинчиси бу — артиллерия. Ракета артиллерия қўшинларидан фойдаланиш жанговар тайёргарлик жараёнида энг кенг тарқалган усулга айланди”, — дея таъкидлаган Камалетдинов.