Ироқ қамоқхонасида умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган ва жазони ўтаётган қозоғистонлик аёллар очлик эълон қилди. Бу ҳақда Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Айбек Смадияровга таяниб, Kazinform хабар берди.
Айбек Смадияровнинг сўзларига кўра, “Рузафа” операцияси доирасида бир неча йил аввал Ироқдан Қозоғистонга болалар олиб келинган. Бироқ уларнинг оналари умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган ва жазони Бағдод (Ироқ) қамоқхонасида ўтамоқда.
24 апрель куни Бағдоддаги Русафа-6 қамоқхонасидаги хорижликлар, жумладан қозоғистонликлар очлик эълон қилгани ҳақида Қозоғистоннинг Иорданиядаги элчихонасига хабар келиб тушган. Маҳбуслар ўз мамлакатларига экстрадиция жараёнини тезлаштиришни талаб қилмоқда.
Ташқи ишлар вазирлиги вакилининг сўзларига кўра, очлик эълон қилиш Ироқ ҳукумати томонидан амнистия тўғрисидаги қонун имзоланиши ҳақидаги миш-мишлар фонида бошланган. Амнистияга тушган шахслар ушбу мамлакатда жазо муддатининг учдан бир қисмини ўташи керак.
Қозоғистон ТИВ ҳозирда ИШИД террорчилик ташкилоти фаолиятида иштирок этгани учун судланган 6 нафар фуқаро юқорида қайд этилган муассасада жазони ўтаётганини маълум қилган.
Изоҳ (0)