Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев жиянининг собиқ рафиқаси Гулмира Сатибалди 7 йилга озодликдан маҳрум қилинди. У бирданига бир нечта моддалар бўйича айбдор деб топилди. Бу ҳақда “Дарё”нинг Қозоғистондаги мухбири хабар берди.
Гулмира Сатибалди бошқаларнинг ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилиш ва одам ўғирлашда айбдор деб топилиб, мол-мулки мусодара қилинмасдан 7 йилга озодликдан маҳрум қилинди.
Бундан ташқари, Остонадаги суд амалдаги президент Қосим-Жўмарт Тўқаевга Сатибалдини давлат мукофоти — “Курмет” орденидан маҳрум этиш тўғрисида илтимоснома билан мурожаат қилади.
Суд Сатибалдининг қўриқчиси ва ҳайдовчисини ҳам қамоқ жазосига ҳукм қилган. Хусусан, Мади Ботиршаев 7 йил, Рашид Утебеков 5 йил колонияда жазо ўтайди, иккаласи ҳам мулкидан маҳрум этилмайди.
Улар ўтган йилнинг 16 мартида қўлга олинган. Коррупцияга қарши курашиш хизмати томонидан мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш, йирик миқдорда маблағларни ўғирлаш ҳолатлари юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Кейинроқ Гулмира Сатибалди одам ўғирлаш ва ичимликлар ишлаб чиқарувчи йирик компания акцияларини мусодара қилишда ҳам айбланаётгани маълум бўлган. Унга қарши шикоят аризаси тадбиркорлар — Турсенгали Алагузов ва Ойгул Мекешева томонидан берилган.
Қайд этилишича, етказилган зарар миқдори 6 миллиард тенгедан (14 825 224 доллар) ортиқни ташкил қилган. Айбланувчиларнинг айримлари ўз айбига иқрор бўлган. Ҳукмга кўра, тадбиркор Турсенгали Алагузовнинг моддий ва маънавий зарарни ундириш ҳақидаги фуқаролик даъвоси қисман қаноатлантирилади.
“Сатибалдидан жабрланган Алагузов фойдасига 6 миллиард 584 миллион 244 минг 088 тенге (14 825 224 доллар) миқдоридаги моддий зарар Galanz bottlers АЖнинг 43,25 фоиз оддий акцияларини натура шаклида ва 1 миллион тенге миқдоридаги маънавий зарар миқдорини қайтариш орқали ундирилсин. Шунингдек, Сатибалдидан 65 миллион 844 минг 166 тенге (148 256 минг доллар) тенге давлат даромадига ундирилсин”, — дейди ҳукмни ўқиган судья Кеменгер Имашев.
Изоҳ (0)