Андижон вилояти камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси (собиқ бандлик бошқармаси) бошлиғи А.М. ва бошқарма бош ҳисобчиси бюджет маблағларини талон-торож қилишда айбланиб, ҳибсга олингани айтилмоқда. Бу ҳақда “Дарё” манбаси хабар берди.
“Дарё” манбасининг таъкидлашича, 2020 йилдан 2023 йилнинг февраль ойигача вилоят бандлик бош бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган А.М. бюджет маблағларининг талон-торож қилиниш ҳолати бўйича терговга чақиртирилган ва гумонланувчи тариқасида процессуал тартибда ушланган.
“Дарё” мухбири вилоят прокуратураси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг вилоят бошқармаси ахборот хизматлари билан боғланган. Масъуллар ушбу шахслар билан боғлиқ ишлар кўрилмаётганлигини билдирган. Бироқ “Дарё” манбалари ушбу иш юзасидан тергов жараёнлари Олтинкўл туман прокуратураси томонидан олиб борилаётганлигини таъкидлаган.
Қўшимча қилинишича, ҳолат бўйича 167-модда (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 207-модда (мансабга совуққонлик билан қараш)лари бўйича жиноят иши қўзғатилган.