Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида икки минг доллар эвазига фуқароларни Америкага ишга юборишини айтган шахс ушланди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, Термиз шаҳрида яшовчи С.М. вилоят ҳудудида вақтинча ишсиз бўлган фуқаролар билан танишиб, уларнинг ишончига кирган. У 2000 доллар эвазига ўзининг элчихонада ишлайдиган танишлари орқали АҚШга ишга юбориш учун виза тўғрилаб беришини айтган. Шу йўл орқали фирибгарлик қилиб, фуқаролардан пул олиб юрган.
Бойсун туманида яшовчи фуқаро уна 15 миллион сўм, 700 доллар берган. С.М. ундан яна 500 доллар талаб қилган. Шундан сўнг фуқаро ИИБга мурожаат қилган. С.М. мазкур фуқародан 500 долларига ҳисоблаб, 5 миллион 700 минг сўм олаётган вақтда Сурхондарё вилояти ИИБ Тезкор қидирув хизмати Жиноят қидирув бошқармаси Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими Одам савдосига қарши курашиш бўлинмаси ходимлари томонидан тезкор тадбир давомида қўлга олинди.
Изоҳ (0)