Айртон Сенна — Формула-1 даги қисқа фаолияти давомида афсонага айланган спортчи. Бразилиялик сеҳргар номини олган Сенна пойга трассаларида мўжизалар яратарди. Унинг буюк натижалари пойгадаги фаолиятининг охиригача давом этадигандек эди, аммо пешонасига ёзилган тақдим бошқача бўлиб чиқди. 1994 йилнинг 1 май куни содир бўлган воқеа нафақат автопойга олами, балки бутун дунёни шок ҳолатига тушириб қўйганди. Қуйида спорт тарихидаги энг мудҳиш воқеалардан бири ҳақида сўз боради.
Ёшликдаги орзу
Айртон Сенна 1960 йилнинг 21 март санасида Бразилиянинг Сан-Паулу шаҳрида туғилган. Бадавлат оилада дунёга келгани Сеннага автопойгачи сифатида ажойиб карьера қилиши учун катта ёрдам берган. Бразилиялик спортчи болалигиданоқ пойгалар ва автомобиллар билан қизиқишни бошлаган.
Айтиш мумкинки, унда махсус миссия бор эди — барча даврларнинг энг яхши автопойгачисига айланиш. Айртон 4 ёшида картинг билан шуғулланишни бошлаган. Унинг отаси Милтон Гирадо Теодор да Сильва автомобиль таъмирлаш устахонасига эгалик қилган. Сеннанинг биринчи карти отасининг устахонасида тайёрланган. Картга ўт ўрадиган машинанинг мотори қўйилган эди, деб эслайди Айртон.
Сенна 6 ёшидаёқ профессионал картингчига айланади. Лекин бразилиялик спортчи иштирокидаги биринчи расмий пойга 1973 йилнинг 1 июль санасида, 13 ёшида бўлиб ўтади. Айртон унда ғалаба қозонади. Бу воқеа ҳозирги кунда Бразилия Гран-приси ўтадиган “Интерлагос” автодроми ёнидаги трассада бўлиб ўтади. Айни вақтда унга афсонавий пойгачининг номи берилган — Картодромо Айртон Сенна. Кейинроқ Сенна картингда ўтган йилларини ва Формула-1 да уни безовта қилган сиёсатдан узоқ “соф пойгалар” ҳақида эслашни ёқтирарди.
Айртон 1974 йилда ёшлар ўртасидаги Сан-Паулу штати чемпионатида ғалаба қозонади. Айнан шу йилда унинг ватандоши Эмерсон Фиттипалди Бразилия Гран-присида ғолиб чиқади ва мавсум якунига кўра икки карра Формула-1 ғолибига айланади. 1970 йилларнинг охирида ёш бразилиялик спортчи океан ортига боришга ва ўзини Европа автоспортида синаб кўришга қарор қилади. Айртон Формула-1600, Формула-2000 ва британ Формула-3 чемпионатларида ғолиб чиқади.
Чўққига йўл
Айртон Сенна Қироллик пойгаларига келганида турли даражадаги пойгаларда 400 та стартни амалга оширганди. 1983 йилда Формула-3 чемпионатидаги ғалабадан кейин Сеннага катта спортнинг қатор “гаражлар”и қизиқиш билдира бошлайди.
Пойга оламига онаси Нейде Сеннанинг қизлик фамилияси билан танилган бразилиялик пойгачини Williаms, Brabham-BMW, McLaren ва Toleman жамоалари синовдан ўтказиш учун жалб қилган. Айртон барча вариантлар ичидан камтарин британ жамоасини танлади. 1984 йил 3 июнда бразилиялик спортчи деярли сенсация қайд этиб, Монако Гран-присида иккинчи ўринни олди. Бу 1986 йилда ўз номини Benetto’га ўзгартирган Toleman жамоаси учун Формула-1 пойгаларидаги энг яхши натижа ҳисобланади. Пойгачи илк мавсумида 13 очко билан 9-ўринни олганди.
Сенна 1985 йилда Lotus жамоасига ўтди ва дарҳол Формула-1 даги триумфига эришди. Бу мавсумдаги иккинчи, Португалиянинг Эшторил шаҳридаги пойгада амалга ошган. Ўша йилнинг ўзида бразилиялик пойгачи “квалификация устаси” эканини кўрсатган ва 16 та пойгадан еттитасини биринчи позициядан бошлаган. Айртон Колин Чепмен асос солган жамоа сафида яна 5 марта ғалабага эришган. Уларнинг охиргиси 1987 йилнинг 21 июнида Детройт шаҳридаги Гран-прига тўғри келади. Ўша пойгада Сеннанинг McLaren-Honda’даги бўлажак жамоадош-рақиби “профессор” лақабли Ален Прост 3-ўринни қўлга киритган.
“Сеҳргар” “Профессор”га қарши
Бразилиялик пойгачининг фаолиятидаги энг самарали ва ёрқин босқич 1988 йилда McLaren жамоасига ўтганидан кейин бошланган (британ жамоаси Айртон билан бирга Honda двигателларини ҳам қўлга киритган) ва у ерда Айртон Ален Простга қарши чиққан. Франциялик пойгачи ўша вақтда кетма-кет икки йил давомида (1985 ва 1986) чемпионлик титулини қўлга киритган ҳолда Уокинг жамоасининг етакчиси ҳисобланарди. Лекин бу Сеннага таъсир қилмади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам Аленни мағлуб этиш Айртоннинг асосий мақсадига айланди. Шундай қилиб Формула-1 тарихидаги энг муросасиз ва эпик қарама-қаршилик юзага келди. Сенна — Ален баҳси билан 2021 йилдаги Макс Ферстаппен ва Льюис Ҳемилтон ўртасидаги шов-шувли қарама-қаршиликни ҳам солиштириб бўлмайди.
Ҳозирги кун қаҳрамонлари каби “сеҳргар” ва “профессор” ҳам ҳар бир миллиметр учун кураш олиб борган, бу охир-оқибат трекдаги тўқнашувлар ва трассадан ташқаридаги психологик ўйинларга олиб келган.
Пойгачилар ортида иккига бўлинган мухлислар армияси бор эди. “Романтик” мухлислар бразилиялик “сеҳргар”га мухлислик қилса, табиат томонидан тақдим этилган истеъдод, қобилият ва инстинкт мухлиси бўлган “прагматиклар” пойга тактикаси мутахассиси бўлган франциялик “профессор”га мухлислик қилган. McLaren’даги биринчи мавсумида бразилиялик пойгачи ғалаба қозонган бўлса, 1989 йилда Прост реванш олди. Сенна ўша йили квалификацияларда устунлик қилди, 16 та пойгадан 13 тасини қулай позицияда бошлади ва олтита ғалабага эришди. Мавсум якунида Айртон ва Ален ўртасидаги қаршилик ўзининг авж палласига чиқди ва ОАВнинг асосий мавзусига айланди.
Иккала пойгачи ҳам бир-бирини ғирром ўйинда айбларди ва иккаласи ҳам мағлубиятга учрашни истамасди. Улар ўртасидаги баҳс 1989 йилги мавсумнинг сўнгги босқичида Япониядаги Сузуке пойгасининг 47-айланасидаги тўқнашув билан якунланди. Айртон пойгани давом эттирди ва финишга биринчи бўлиб етиб келди, бироқ дисквалификация қилинди ва Прост учинчи марта чемпионга айланди. Сеннага қарши қарама-қаршиликдан сўнг Прост 1990 йилда McLaren билан жанжаллашиб, Ferrari жамоасига ўтади.
Монако “қироли” ва ёмғирли пойгалар устаси
Сенна ёшлар сериясидаёқ ёмғир вақтида ҳайдаш маҳоратини кўрсатган эди. Бунга Айртоннинг 1985 йил 21 апрелида Португалиядаги ёмғирли Гран-прида қўлга киритган Формула-1 даги биринчи ғалабаси мисолида яна бир бор ишонч ҳосил қилиш мумкин.
Унда 25 ёшли бразилиялик пойгачи ўз лигасида иштирок этаётганди. Квалификация олдидан илк марта биринчи позицияда бошлаш имконини қўлга киритди кейин эса пойгада фаолиятидаги биринчи “Катта дубулға” совринини қўлга киритади. Сув босган трассада Сенна тезлик билан рақибларини ортда қолдирди. Пойга натижаларига кўра, Ferrari’да иккинчи ўринни эгаллаган Мишел Алборетодан ташқари ҳамма Сеннадан бир ёки ундан кўпроқ даврга ортда қолган.
Айртоннинг мухлислари бразилиялик пойгачининг 1993 йилда Донингтон-паркда ёмғир ёғаётган вақтдаги машҳур ғалабасини эслайди — “сеҳргар” рақибларини осонлик билан ортда қолдирганди. Ўшанда Сеннанинг ғалаба қозонишига пит-стопдаги 20 сониялик тўхталиш ҳам, об-ҳавонинг ўзгариши ҳам тўсқинлик қила олмаганди. Финишга иккинчи ўринда келган Деймон Ҳилл Айртондан бир дақиқадан кўпроқ вақтга ортда қолганди.
“Биз шиналарни шунчалик тез алмаштирдикки, бу пойгада пит-стоп бўйича рекорд ўрнатган бўлсак керак. Машинани ҳўл трассада бошқариш учун катта куч сарфланди. Тутқич жуда заиф ҳолатда эди ва машинани ҳис қилишнинг иложи йўқ эди. Ҳар бир ҳаракатни ўйлаб топишга тўғри келди, шунчаки ҳайдаш мумкин эмасди”, — деганди Сенна 1993 йилдаги Европа Гран-приси финишидан кейин.
Айртон концентрация ва техника талаб қиладиган Монакодаги тор шаҳар трассасида ғалаба қозониш бўйича рекордчи ҳисобланади. “Сеҳргар” биринчи энг нуфузли Формула-1 Гран-присини 1987 йилда Lotus жамоаси сафида қўлга киритган. Сенна Монако князлигида 1989 йилдан 1993 йилгача кетма-кет беш марта ғалаба қозонган. Бразилиялик спортчи умумий ҳисобда Монакода жами олтита ғалабага эришган. Ҳозиргача ҳеч ким Сеннанинг бу рекордини янгилай олмади.
Ким яхшироқ — Сенна ёки Шумахер?
1990 йилларнинг бошида яна бир кучли рақибга дуч келди — Формула-1 нинг ёш ёш юлдузи Михаэл Шумахер.
Улар чемпионлик учун ҳеч қачон ўзаро курашмаган, аммо трассада бир неча марта кескин лаҳзалар ва тўқнашувлар содир бўлган, бразилиялик ва германиялик пойгачилар ўртасида ҳатто оғзаки тортишувлар ҳам келиб чиққан.
Уч карра жаҳон чемпиони Шумахернинг нотўғри бошқариш услубини танқид қилган, лекин ўшандаёқ германиялик пойгачининг хавфли эканини сезган. Шумахер кўп машғулот ўтказган, ёш бўлган ва жамоа бўлиб ишлашни муваффақият калити деб ҳисоблаган. Сенна ҳам болиднинг барча нозикликлари ва созламаларини ўрганиш учун инженерлари билан кўп ишлаган. Бироқ ёш Михаэл жамоа билан ишлаш бўйича янги даражага чиққанди.
Айртон Шумахер учун қанчалик муҳимлигини тушуниш учун 2000 йил сентябрида Италия Гран-приси якунлари бўйича матбуот анжумани чоғида бўлган воқеани мисол қилиб келтириш мумкин. Унда учинчи чемпионлик учун курашган германиялик пойгачи афсонавий Айртон Сенна билан ғалабалар сонини тенглаштирган ва камера қаршисида йиғлаб юборганди.
Барча даврларнинг энг яхши пойгачиси? Пойгачиларни объектив баҳолаш жуда қийин вазифа ҳисобланади. Шундай экан, Формула-1 тарихида ким энг яхши деб топилгани ҳақидаги баҳслар ҳеч қачон тўхтамайди. Шунга қарамай, Сенна доим асосий супер юлдузлар қаторида тилга олинади. Агар ғалаба қозонилган Гран-прилар сони ҳисобга олинса, Айртон кучли бешликдан ўрин олади. У Льюис Ҳемилтон (103 ғалаба), Михаэл Шумахер (91), Себастьян Феттел (53) ва Ален Простдан (51) ортда қолади.
Сўнгги пойга: қаҳрамоннинг ўлими
1992 йил Формула-1 учун катта ўзгаришлар йили бўлган. McLaren’нинг ҳукмронлиги якунланди ва Williams’нинг вақти келди. Найжел Мессел ва Ален Прост 1992 йилги ҳамда 1993 йилги титулларни қийинчиликсиз қўлга киритди. Сенна эса Гроув жамоасидаги техник устунликни кўриб, энг яхши машина учун жамоа сафида деярли текинга иштирок этишга рози бўлди.
Узоқ ва оғир музокаралардан кейин 1994 йилда шартнома имзоланди ва Williams’нинг мўжизавий қуролини синаб кўриш навбати Сеннага келганди. Аммо синовлар вақтида кутилмаганда Айртон учун машинани бошқаришда муаммолар борлиги маълум бўлди. Бундан ташқари мавсум бошланишидан олдин кўплаб электрон тизимлардан фойдаланиш тақиқланганди.
Мавсум Сенна учун яхши бўлмади. Биринчи икки пойгада бразилиялик спортчи биринчи позицияда бошлаган бўлса ҳам финишга етиб кела олмади. 1994 йилнинг 1 май санасида чемпионатнинг учинчи босқичи доирасида Сан-Маринодаги Гран-прининг 7-айланасида ақл бовар қилмайдиган ҳолат содир бўлди. Пойгада етакчилик қилаётган Айртон бурилиш вақтида трассадан чиқиб кетди ва бетон деворга жуда кучли урилди. Пойгачи бошидан жиддий жароҳат олди ва вертолётда Болонья шаҳридаги шифохонага олиб кетилди. Кейинчалик бразилиялик спортчи ўша ерда вафот этгани эълон қилинди. Ўшанда Сан-Маринодаги пойга давом этган ва Шумахер марра чизиғини биринчи бўлиб кесиб ўтганди. Шунингдек, германиялик спортчи драматик мавсумнинг сўнгида биринчи чемпионлик титулини қўлга киритганди.
Ҳодиса сабаблари аниқ очиқланмаган. Ўша вақтдаги Williams жамоасининг асосий конструктори бўлган Эдриан Нюи 20 йилдан кейин болиднинг аэродинамикасида муаммолар бўлганини тан олди. Бироқ жамоанинг ҳеч бири аъзоси жавобгарликка тортилмаганди.
Сеннанинг ўлимидан сўнг автопойга оламидаги кўпчилик ўзига савол берди — бу қандай содир бўлиши мумкин? 1994 йилга келиб Формула-1 да ҳеч ким ҳалок бўлмайди, деган таассурот пайдо бўлганди. Пойгалар ўн йиллар олдингидан анча хавфсиз ҳисобланарди. “Яхши, у уйга эртароқ қайтади!” — деб ўйлаган Айртоннинг қайлиғи Адриана Галистеу пойгачининг болиди деворга урилганда. Айртоннинг машинадан ўзи чиқа олмаётганини кўргач, Адриана телевизор экранига қараб, жойида қотиб қолганди.
Дўстлари, мухлислари ва ҳатто Сеннани қораловчилар ҳам шокка тушиб қолганди. Бразилияда 3 кунлик мотам эълон қилинди. Формула-1 ни тақиқлаш бўйича чақириқлар бошланди. Барча бразилиялик “сеҳргар” ҳаётдан жуда эрта кетганини тушунган эди. Айртон автоспортнинг афсонаси эди ва унинг ўлими Формула-1 тарихидаги бутун бир эпоханинг якуни бўлди. Спортчининг вафотидан кейин чемпионат бутунлай ўзгарди.
Трассадан ташқаридаги афсона
“Бразилиялик эканимдан фахрланаман”, — деганди Сенна. Бразилияликлар ҳам шунга яраша жавоб берганди. Улар Айртон билан фахрланарди, пойгачи ҳақиқатан ҳам миллий қаҳрамонга айланганди. У нуфузли хусусий мактабда ўқиган бўлса ҳам энг яхши талабалар қаторига кирмаган. Оила аъзолари уни Beko деб атаган, пойгалардан бўш вақтида самолётларни моделлаштириш билан ёки балиқ тутиш билан шуғулланган. Шунингдек, жиянлари билан ўйнаш унинг энг севимли машғулотларидан бири ҳисобланган.
Айртоннинг жияни Бруно ўзини “тормоз педали” деб чақиришларига қарамай тоғасининг изидан боришга қарор қилди. Сенна хайрия ишлари билан ҳам шуғулланган (Бразилиядаги камбағал оилаларнинг болаларига ёрдам берган). Пойгачи учун мусиқа катта аҳамиятга эга бўлган. Бразилиялик спортчининг севимли мусиқачилари қаторида Фил Коллинз, Queen ва Пинк Флойд бўлган. У ёшлигидан “Коринтианс” футбол клубига мухлислик қилган.
Бразилиялик афсонавий пойгачининг трассадаги ҳалокатига 29 йил тўлди.
Изоҳ (0)