Йил бошидан бери Ўзбекистонда товар экспорти ҳажмининг қандай ўзгаргани ўрганилди. Бу ҳақда “Дарё”га Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази хабар берди.
Йил бошидан буён товарлар экспорти ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5,2 фоизга ўсди.
Экспортнинг ўсиши Сирдарё (41,6 фоиз), Андижон (35,6 фоиз), Хоразм (34,9 фоиз), Навоий (18,7 фоиз) ва Қашқадарё (16,6 фоиз) вилоятларида ва Тошкент шаҳрида (12,1 фоиз) кузатилди.
Ўзбекистон экспорт ҳажмининг ўсиши озиқ-овқат маҳсулотлари, саноат товарлари, кимёвий моддалар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортининг ўсиш суръатлари билан изоҳланади.
Экспорт ҳажмининг қисқариши Фарғона (23,3 фоиз), Тошкент (7,7 фоиз), Бухоро (6,9 фоиз), Жиззах (6,3 фоиз), Сурхондарё (5,3 фоиз) ва Самарқанд (4 фоиз) вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида (15,2 фоиз) қайд этилди.
Экспорт ҳажмининг камайиши Фарғона ва Жиззах вилоятларида — ип-калава экспортининг қисқариши, Тошкент вилоятида — металл ва ундан тайёрланган маҳсулотлар экспортининг қисқариши, Бухоро вилоятида — пахта толасининг ички бозорга йўналтирилиши, нефть ва нефть маҳсулотлари экспортининг қисқариши билан изоҳланади.
Шунингдек, Сурхондарё вилоятида — ип-калава ва тўқимачилик маҳсулотлари экспортининг қисқариши, Самарқанд вилоятида — ип-калава ва мева-сабзавот маҳсулотлари экспортининг қисқариши, Қорақалпоғистонда эса пластмасса ва ундан тайёрланган маҳсулотлар ҳамда ип-калава экспорти қисқариши билан боғлиқ.
Аввалроқ Ўзбекистон ва Хитой ўртасида ташқи савдо айланмаси сўнгги йилларда қандай ўзгаргани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)