Тошкент шаҳрида гиёҳванд моддалари савдосига қарши “Долзарб 15 кунлик” бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда пойтахт ИИББ ахборот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, ҳозирда жиноятчилар ўз маҳсулотарини янги технологиялар ёрдамида сотувчидан харидоргача етказиб бериш механизмини такомиллаштирмоқда.
Ички ишлар бош бошқармаси ходимлари томонидан 6–10 апрель кунлари ўтказилган тезкор-профилактик тадбирлар давомида 102 та ноқонуний ҳолат аниқланиб, уларга чек қўйишга эришилган.
Ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган моддаларнинг умумий миқдори 384,7 граммни ташкил этган, шундан 192,02 грамм гиёҳвандлик воситалари, 192,68 грамм синтетик моддалардир.
Тадбир давомида 701 дона кучли таъсир этувчи воситалар аниқланиб, ўрнатилган тартибда олиб қўйилган. Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни яшириш орқали сотиш билан боғлиқ 74 та ҳолат аниқланган. 1 775 тадан ортиқ наркограффит ёзувлар аниқланиб, барчаси ўчирилган.
Изоҳ (0)