Юқори кучланишли электр узатиш тармоғида носозлик юзага келгани туфайли Тошкентнинг қатор ҳудудлари электр энергиясисиз қолди. Бу ҳақда “Ҳудудий электр тармоқлари” хабар берди.
Хусусан, Юнусобод туманининг “Обод”, “Боғи бўстон”, “Фирдавсий”, “Бодомзор”, “Мирзо Улуғбек”, “Посира”, “ТашГРЭС”, “Янги Тарнов”, “Буюк турон”, “Бўзсув”, “Шайх Шивли”, “Отчопар-1” ва ”Отчопар-2“ МФЙлари ҳамда ”Тошкент Ҳайвонот боғи";
Мирзо Улуғбек туманининг “Дархон”, “Салар бўйи”, “Ҳ.Олимжон”, “Мустақиллик”, “Оққўрғон” ҳамда “Қори Ниёзов” МФЙлари ҳудудларини электр энергияси билан таъминловчи 110/35/10 кВ бўлган “Астрономическая”, “Икарус”, “Карамурская”, “Савдо” ҳамда “Ботаника” подстанцияларини электр энергияси билан таъминловчи “ТашГРЭС”дан чиқувчи кучланиши 110 киловатт бўлган ҳаво электр узатиш тармоғида фавқулодда авария ҳолатида электр таъминотида узилиш содир бўлган.
Айни вақтда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Тошкент шаҳар филиалининг тезкор чиқиш бригадалари зарур электр қурилмалар ҳамда махсус автотранспорт воситалари билан мазкур носозликни бартараф этишга жалб этилган.
“Тез орада мазкур носозлик тўлиқ бартараф этилиб, тармоқ орқали электр энергияси етказиб берилиши тўлиқ тикланади. Юзага келган фавқулодда аварияли узилиш вақти келтирилган ноқулайликлар учун истеъмолчилардан узр сўраймиз”, — дейилади хабарда.
Изоҳ (0)