Сенатнинг ўттиз тўққизинчи ялпи мажлисида “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақидаги қонун кўриб чиқилди.
Қонун билан банклар устав капитали миқдорини 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб 2025 йилнинг 1 январигача босқичма-босқич 100 млрд сўмдан 500 млрд сўмгача ошириб бориш тўғрисидаги талабларни назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда.
Эндиликда банклар устав капиталининг энг кам миқдори:
- 2023 йил 1 сентябрдан 200 млрд сўмни;
- 2024 йил 1 апрелдан 300 млрд сўмни;
- 2025 йил 1 январдан 500 млрд сўмни ташкил этиши лозим.
Натижа киритилиши банкларни капиталлаштириш даражаси ҳамда ресурс базасини ошириш, соҳага чет эл инвестицияларини жалб этиш учун қўшимча ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига қўшимча кредит бериш имконияти яратилади.
Шунингдек, қонунга кўра хорижликлар томонидан банк акцияларини олишга нисбатан чекловлар қисман бекор қилинмоқда. Халқаро бозорларда оммавий жойлаштирилган акцияларни сотиб олиш соддалаштирилмоқда.
Сенаторларнинг таъкидлашича, мазкур Қонунга киритилаётган ўзгартишлар банкларнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш орқали иқтисодиётдаги тузилмавий ўзгариш жараёнларида иштирок этишни кенгайтиришга хизмат қилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Изоҳ (0)