Марказий банк ижтимоий тармоқларда тарқалган 150 млн сўмдан ортиқ карта орқали амалга оширилган пул ўтказмалари шубҳали ҳисобланиши тўғрисидаги хабарларга муносабат билдирди.
Маълум бўлишича, Ички назорат қоидаларининг 49-бандига киритилган мезонлар жисмоний шахслар ўртасидаги картадан картага пул ўтказмалари орқали амалга ошириладиган ноқонуний операцияларни аниқлашга қаратилган.
Бундай операциялар турига ноқонуний қимор ва гаров ўйинлари бўйича операциялар, фирибгарлик ҳолатлари ва бошқалар киради.
Марказий банк ноқонуний операциялар қуйидаги йўллар билан содир бўлишини таъкидлаган:
- бир жисмоний шахс томонидан турли банкларда очилган бир нечта банк карталари ёрдамида йирик миқдордаги пул маблағларини бўлиб-бўлиб ўтказиш;
- пул маблағларини конверсия қилиш ёки нақдлаштириш мақсадида турли банкларда очилган бир нечта банк карталаридан маблағларни битта картага ўтказиш;
- битта жисмоний шахс картасидан бошқа жисмоний шахсларнинг банк карталарига ёки электрон ҳамёнларига маълум вақт ичида кўп миқдорда пул маблағларини ўтказилиши
- битта жисмоний шахс картасига бошқа шахсларнинг банк карталаридан ёки электрон ҳамёнларидан пул маблағларини келиб тушиши орқали.
Амалдаги қонунчилик ҳужжатларига янги киритилган ўзгартиришларда юқорида таъкидланган операцияларни аниқлаш учун операцияларни амалга оширилиши даврийлиги ва миқдорига тегишли мезонлар киритилган.
Марказий банк ушбу янги қоидалар жисмоний шахсларнинг омонатларини электрон ҳамёнларига ёки банк карталарига қайтарилиши, шунингдек, товар ва хизматлар учун тўловлар, хусусан, ипотека кредити ёки автокредит бўйича бошланғич бадал тўлови билан боғлиқ операцияларга татбиқ этилмаслигини маълум қилди.
Яъни шубҳали операцияларни аниқлашда омонат ва кредит ҳисобварақлари орқали амалга оширилган операциялар ҳисобга олинмайди ва махсус ваколатли давлат органига тақдим этилмайди.
Изоҳ (0)