АҚШ ҳарбийлари Суриядаги ИШИД террорчилик ташкилоти етакчиларидан бири Холид айдд Аҳмад ал-Жабурийни йўқ қилди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Ҳужум оқибатида тинч аҳоли ҳалок бўлмагани ёки яраланмагани маълум қилинди. Террорчининг ўлими ИШИДнинг ташқи режалаштирилган ҳужумларини кечиктиришга ёрдам бериши айтилмоқда.
“АҚШ армияси марказий қўмондонлиги кучлари 3 апрель куни Сурияга бир томонлама зарба бериб, ИШИДнинг юқори мартабали раҳбари Холид айдд Аҳмад ал-Жабурийни йўқ қилди”, — дейилади хабарда.
Ал-Жабурий бир муддат кузатувда бўлган ва кейин нишонга олинган. Жумладан, у телефонда гаплашаётганда дрон ёрдамида йўқ қилинган.
Икки маҳаллий манбага кўра, у 2019 йилда Бағдодий ўлдирилган жойдан бир неча километр узоқликдаги Кафтин қишлоғи четидаги уйи ёнида ҳужумга учраган. Ал-Жабурий хотини ва 12 ёшли ўғли билан бирга яшаган. У ИШИДнинг таниқли раҳбари эди, у Европага ҳужумларни режалаштириш учун масъул бўлган.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан “террорчилик ташкилоти” деб топилган.