АҚШ ҳарбийларининг Сомалидаги операцияси натижасида ИШИД террорчилик ташкилоти етакчиларидан бири Билол ал-Суданий йўқ қилинди. Бу ҳақда The Guardian хабар берди.
Маълум қилинишича, Суданий отишма оқибатида ҳалок бўлган, у тоғдаги ғорда яширинганда америкалик ҳарбийлар томонидан аниқланган. Воқеа жойида ИШИДнинг 10 га яқин аъзоси ҳалок бўлган, АҚШ ҳарбийлари томонида қурбонлар йўқ.
“25 январь куни президент Жо Байден буйруғига биноан АҚШ ҳарбийлари Сомалининг шимолида ҳужум операциясини ўтказди, натижада ИШИДнинг бир қанча аъзолари, жумладан Билол ал-Суданий ҳам ҳалок бўлди”, — деди АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин.
“Ал-Суданий ИШИДнинг Африкада кучайиб бораётган мавжудлигини қўллаб-қувватлаш ва гуруҳнинг бутун дунё бўйлаб, жумладан Афғонистондаги операцияларини молиялаштириш учун масъул эди”, — деди Остин.
У Сомалининг шимолидаги тоғ базасидан ИШИДнинг нафақат Африкадаги, балки Афғонистонда фаолият юритувчи “Исломий Давлат Хуросон” гуруҳини ҳам молиялаштирган ва уларни мувофиқлаштирган, — деди исмини ошкор қилмаган манба.
Бундан 10 йил аввал, ИШИД сафига қўшилишидан олдин Суданий Сомалидаги экстремистик “Аш-Шабоб” ҳаракати учун жангчилар ёллаш ва тайёрлаш билан шуғулланган. Операцияга бир неча ой давомида тайёргарлик кўрилган, АҚШ қўшинлари Суданий яширинган ерга ҳужум қилиш учун машқлар олиб борган.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан “террорчилик ташкилоти” деб топилган.
Мавзуга доир:
Изоҳ (0)