Ўзбекистонга 13—15 март кунлари COVAX дастури доирасида COVID-19 га қарши жами 875 520 доза Pfizer вакцинаси олиб келинди. Бу ҳақда Санитария-эпидемиология қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, мамлакатга илк бор олиб келинган мазкур вакцина COVID-19 омикрон B.А.4 ва B.А.5 штаммларига қарши тайёр эритилган вакцинадир.
“Бугунги кунда бутун дунё бўйлаб пандемиянинг олдини олиш учун COVID-19 инфекциясига қарши эмланиш мақсадга мувофиқлиги ва ниҳоятда муҳимлигини кўрсатмоқда”, — дейилади хабарда.
Маълумот учун, Ўзбекистонда айни кунгача жами 75 670 234 доза вакцинадан фойдаланилган. COVID-19 инфекциясига қарши курашиш ва унинг тарқалишининг олдини олишнинг энг самарали йўли – иммунизация, яъни аҳолини инфекцияга қарши вакцина билан эмлашдир.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил ноябрь ойида Ўзбекистонга COVID-19 га қарши эмлаш учун 549 900 доза Pfizer вакцинаси келтирилганди.
Изоҳ (0)