Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманидаги “Ҳумо” мажмуасида Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Дарё” мухбири Азизбек Абдувалиев хабар бермоқда.
Ушбу тадбирга шаҳар-туманлардан боқувчисини йўқотган ва турмуш шароити оғир бўлган хотин-қизлар таклиф этилди. Улардан 110 нафарига уй-жой учун сертификатлар топширилди.
Тадбирда иштирок этган вилоят ҳокими Шавкат Абдураззақовнинг айтишича, Наманганда 1500 нафарга яқин уй-жойга муҳтож аёллар бўлиб, бугунги кунгача улардан 859 нафари бошпана билан таъминланган. Жумладан, 24 нафарига бошланғич бадал тўлаб берилган, 238 нафари ижтимоий уйларга жойлаштирилган, 89 нафари маҳаллий ҳокимликлар ва ҳомийлар томонидан уй-жой билан таъминланган, 508 нафарига эса субсидия ажратилган.
“Бунга қўшимча тариқасида 200 дан ортиқ аёлнинг ижара уйлари учун компенсация тўлаб берилди, 621 нафар хотин-қизларнинг хонадонлари таъмирлаб берилди. Биз турмуш шароити оғир ва уй-жойга муҳтож опа-сингилларимизнинг шу тариқа қўллаб-қувватлашни яна давом эттирамиз”, — деди Шавкат Абдураззақов.
Изоҳ (0)