Қорақалпоғистоннинг Тахиатош туманидаги маҳаллада раис 30 млн сўмдан ортиқ маблағни талон-торож қилгани хабар қилинди. Республика прокуратураси ҳолат юзасидан маълумот берди.
Қайд этилишича, У.Й.нинг “Тахиатош” маҳалласида юз бераётган қонунбузилишлар юзасидан тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилиш ҳамда назорат органларига йўллаган мурожаатига асосан текшириш ишлари олиб борилган.
Текширишда фуқаролар йиғинида Вазирлар Маҳкамаси қарорига зид равишда 3 та ҳолатда 2 миллион 632 минг сўмлик бир марталик ёрдам пули ортиқча тўлангани аниқланган.
Бундан ташқари, 2022 йил май ойидан 2023 йил 31 январь кунига қадар 37 та ҳолатда жами 31 миллион 169 минг сўмлик бир марталик моддий ёрдам пуллари асоссиз тўлангани аниқланган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Тахиатош туман прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ишлари олиб борилмоқда. Натижасига кўра қонуний қарор қабул қилиниши таъминланиши маълум қилинди.
Изоҳ (0)