Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг соғлиғида муаммолар бўлиши мумкин. Бу ҳақда Германиянинг Билд нашри маълум қилди.
Нашр журналистлари бунга далил сифатида Қодировнинг эски ва янги суратларини солиштиради. Тасвирда Чеченистон раҳбари вазн орттиргани ва юзи семирганини кўриш мумкин. Сиёсатчининг буйрагида муаммолар борлиги айтилган. Муҳожирликда яшаётган Чеченистон бош вазирининг собиқ ўринбосари Аҳмад Закаев шундай даъвони илгари сурган.
“Буйракдаги муаммо унинг танасидаги шишлардан ҳам билинади”, — дейилади хабарда.
Қодиров Москвадаги шифокорларга ишонмагани учун Чеченистонга Бирлашган Араб Амирликларидан нефролог олиб келгани айтилган. Абу-Дабидаги Буржил касалхонаси буйраклар бўлими бош шифокори, доктор Эл-Шаҳат Қодировни даволаш учун Грознийга учиб кетгани хабар қилинган. Шунинг учун Қодиров Путиннинг 21 февраль куни Федерал Мажлисга нутқида қатнаша олмагани таъкидланади. Эл-Шаҳат 40 йилдан ортиқ тажрибага эга шифокор экани қайд этилган.
Қодировнинг вақти-вақти билан бақувват ва чаққон кўриниши стимуляторлар туфайли экани айтилади. “Эндиликда Чеченистон раҳбари дориларга боғланиб қолган”, — дейди журналистлар.
Бунгача Ғарб нашрлари Россия президенти Владимир Путиннинг соғлиғида муаммолар борлиги ҳақида хабар бериб келган. Жумладан, Путин саратонга чалингани ва онколог кўригидан ўтиб туриши ҳақида айтилган. Россия раҳбарига саёҳатлари давомида кўпинча қалқонсимон без саратони ва ЛОР бўйича ихтисослашган жарроҳ ҳамроҳлик қилишини аниқланган. Турли сафарларда президентга 6 дан 13 нафаргача мутахассис ҳамроҳлик қилган. Бироқ Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Путинда ҳеч қандай саратон касаллиги йўқлигини қайд этган.
Шу билан бирга, Путин Паркинсон касаллигидан ҳам азият чекиши, у аллақачон 8 килога озгани қайд этилган. Россия президенти декабрь ойида зинадан йиқилиб тушгани сабабли “тезда унинг йўғон ичагини операция қилиш керак”лиги ҳақида хабарлар пайдо бўлган. Дания разведкаси Путин Украинага қарши урушни гормонал дорилар таъсирида бошлаган бўлиши мумкинлигини илгари сурган.