“Дарё” нашри 3 мартда Ўзбекистон ва жаҳонда содир бўлган энг муҳим воқеаларни эътиборингизга ҳавола этади.
Херсонда топилган қийноқ қамоқхоналарида кимлар қандай жазоланган?
Украинанинг Херсон шаҳрида оккупация даврида Россия томонидан молиялаштирилган 20 та қийноқ қамоқхоналари ташкил этилган. Бу ҳақда Украинадаги ҳарбий жиноятларни тергов қилаётган халқаро адвокатлар гуруҳи маълум қилди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу қамоқхоналардан ўтган мингдан ортиқ маҳаллий аҳолидан кўрсатмалар олинган. “Россия давлати томонидан молиялаштириладиган оммавий қийноқ камералари тасодифий эмас, балки Украинанинг миллий ва маданий ўзига хослигини йўқ қилишга мўлжалланган аниқ режанинг бир қисми”, — дейди гуруҳ раҳбари британиялик ҳуқуқшунос Уэйн Жордаш Guardian нашрига.
Қийноқ камераларида одамларни калтаклашган, электр токи билан қийнашган, бошларини сувга солиб, нафас олишига йўл қўйишмаган, дейди адвокатлар. Қўлга олинганлар россияпараст шиорлар, шеър ва қўшиқларни ўрганишга ва ўқишга мажбурланган.
Қамоқхоналарга, биринчи навбатда, Украина давлат органлари ёки фуқаролик жамияти билан алоқадор одамлар — фаоллар, журналистлар, давлат хизматчилари ва ўқитувчилар тушган. Баъзи одамлар кўчада, телефонларидан “украинапараст” материаллар топилгани учун ҳибсга олинган.
Херсон 2022 йил 2 мартдан 11 ноябргача саккиз ой давомида Россия истилоси остида эди. Бу вақт ичида шаҳарнинг 400 га яқин аҳолиси бедарак йўқолган.
Хитойнинг АҚШ га норозилиги ошмоқда, Тайван мудофааси қонуни ҳамон амалда
Хитой АҚШнинг Тайванга қурол жўнатиш қароридан норози ва ушбу позициясини Вашингтонга билдирди. Бу Хитой Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Тан Кефей брифингда маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, 28 февраль куни АҚШ Тайванга 619 миллион долларлик қурол-яроғ етказиб беришни маъқуллаган эди.
“Биз Қўшма Штатлардан Тайван билан ҳарбий алоқаларни ва Тайванга қурол сотишни тўхтатишни, Тайван масаласига аралашиб, бўғоздаги кескинликни кучайтиришни бас қилишни талаб қиламиз”, — деган Тан Кефей.
У Вашингтонни Хитой—АҚШ келишувлари ва “ягона Хитой” тамойилини бузганликда айбламоқда.
Ҳозирги можаролар, хабарингиз бор АҚШ Конгресси Вакиллар Палатаси Ненси Пелосининг август ойида оролга ташрифидан кейин кескинлашган.
Қўшма Штатлар Пелосининг келиши “ягона Хитой” тамойилига зид эмаслигини таъкидлаган. Шу билан бирга, Тайван хавфсизлигига ташқи таҳдидлар юзага келган тақдирда, Вашингтон уни қурол-яроғ билан таъминлаши ҳақидаги қонун амалда.
Осиё ва ғарбни автомобиллари билан эгаллашга уринаётган Хитой UzAuto билан ҳамкорлик қилади
Global Voices порталида Ўзбекистон монополияси ниҳоят тугаши мумкинлиги ҳақида мақола чиқди. “Дарё” буни эътиборингизга ҳавола қилади.
Хитойнинг жаҳон автомобилсозлик саноатидаги таъсири жадал суръатларда ўсмоқда, Ўзбекистон ушбу тенденцияни бошдан кечирган сўнгги давлатлардан бири бўлиб, “Бир камар, бир йўл” ташаббусининг энг ёрқин муваффақиятларидан бўлиши мумкин.
Хитой глобал автомобиль экспорт бозорида доминантликка даъвогарлигини, 2022 йилда Германияни ортда қолдириб, ҳажми бўйича дунёдаги иккинчи йирик автомобиль экспортчисига айлангани ҳам тасдиқлайди.
Хитой компанияларининг стратегик бозорларидан бири Ўзбекистон ҳисобланади. Яқинда Ўзбекистоннинг “Ўзавтосаноат” давлат компанияси Хитойнинг BYD Auto компанияси билан маҳаллий шароитда автомобиллар ишлаб чиқариш, двигателлар, электромоторлар ва аккумуляторлар ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорликни эълон қилди.
Пекин тобора жаҳон автомобиль саноатида ўз қамровини кенгайтиришда давом этар экан, “Ўзавтосаноат” билан ҳамкорлик каби келишувлар яна кенгайиши мумкин.
Ўзбекистонда ноқонуний талон-тoрожликлар эндиликда ўғрилик деб белгиланмоқда
Бу ҳақда парламент юқори палатаси матбуот хизмати хабар берди.
Умумий фойдаланишдаги электр, иссиқлик, газ ёки водопровод тармоқларига тижорат мақсадларида ўзбошимчалик билан уланиш ёхуд уларни ҳисобга олиш асбоблари ва пломбаларига қасддан шикаст етказиш, шунингдек, ушбу қилмишларни коммунал хизмати ташкилотларининг мансабдор шахслари ёки ходимлари билан тил бириктириб, содир этилган жиноят ҳолатлари эндиликда ўғрилик жинояти деб баҳоланади.
Шу билан бирга, Жиноят кодексига “тижорат мақсади” тушунчаси киритилиб, жисмоний ва юридик шахсларнинг муайян фаолиятида фойда, даромад олиш, наф кўришга қаратилган мақсад экани белгиланмоқда.
Эндиликда юқоридаги масалаларга оид ваколатлар судлардан чиқарилиб, “Ўзэнергоинспекция” ва унинг ҳудудий бошқармаларига ўтказилади