Эрон президенти Иброҳим Раисий мамлакат бўйлаб юзлаб ўқувчи қизларнинг заҳарланишида Теҳрон душманларини айблади. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берди.
Ҳозиргача камида тўртта шаҳардаги 30 дан ортиқ мактабда ноаниқ заҳарланиш ҳолатлари аниқланган ва бу баъзи ота-оналарнинг фарзандларини мактабдан олиб кетишга мажбур қилган. Эрон соғлиқни сақлаш вазирининг айтишича, турли мактабларда ўқиётган юзлаб қизлар заҳарланган. Баъзи сиёсатчилар қизларнинг таълим олишига қарши бўлган диний гуруҳлар томонидан нишонга олинган бўлиши мумкинлигини айтмоқда. Эрон президенти ҳолат юзасидан мамлакат душманларини айблади.
“Бу мамлакатда тартибсизликни келтириб чиқарадиган хавфсизлик лойиҳаси бўлиб, бу орқали ота-оналар ва ўқувчилар ўртасида қўрқув ва ишончсизлик уйғотиш кучайтирилган”, — деди у.
Раисий бу душманлар кимлигини айтмади, Эрон раҳбарлари одатда АҚШ ва Исроилни мамлакатга қарши ҳаракат айблайди.
The Guardian нашрининг ёзишича, Эронда 2022 йилнинг кузида ҳукуматга қарши бўлиб ўтган намойишларда қатнашган ўқувчи қизларнинг заҳарланиши бўйича тергов бошланди. Заҳарланиш ҳолатларини даволашга ихтисослашган шифокор мавжуд далилларни ҳисобга олган ҳолда, “бу заҳарланишнинг энг кўп эҳтимолий сабаби кучсиз фосфорорганик модда бўлиши мумкин”лигини айтган.
Шифокорнинг сўзларига кўра, заҳарланиш сабаби “мамлакат ичидаги ва ташқарисидаги экстремистик гуруҳлар ёрдамида намойишчиларни қўрқитиш” истаги бўлган. “Улар яқинда бўлиб ўтган норозилик намойишларида фаол иштирок этган ўқувчи қизлардан ўч олмоқчи”, — дея тушунтирган у.