Ўзбекистон Конституциясига киритилаётган ўзгаришлар доирасида фуқаролар ва давлат ўртасидаги ноаниқликларни бартараф этиш бўйича нормалар ишлаб чиқилмоқда. Унга кўра, давлат билан инсон ўртасидаги ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади, деб белгиланмоқда. Чунки бундай ҳолатда давлат масъулиятни ўз зиммасига олмаса инсонга жабр бўлиши, зарар етиши мумкин. Бунда хоҳ у моддий зиддият бўлсин, хоҳ номоддий, қатъи назар давлат ўз фуқаросининг фойдасига масъулиятни ўзига олиши кўзда тутилган.
Юридик фанлари доктори Баҳодир Исмоилов “Дарё” нашрига бу борадаги ўз мулоҳазаларини тақдим этди.
“Демократия давлат халқ учун хизмат қилишини назарда тутади”
Ўзбекистон раҳбарияти ташаббуси билан конституциявий ислоҳотлар доираси фуқаро ва давлат бир-бирига нисбатан ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлар билан боғлиқлиги тўғрисидаги норма Конституция даражасида мустаҳкамланмоқда.
Мазкур қоида Ўзбекистон аъзо бўлган инсон ҳуқуқларига оид асосий халқаро хужжатлар, жумладан, БМТнинг 1948 йилдаги Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон деклорацияси, 1966 йилдаги Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, ЕХҲТнинг 1990 йилдаги Инсонийлик ўлчови бўйича Копенгаген хужжати, халқаро гуманитар ҳуқуққа оид 1949 йилдаги Женева конвенсиялари ва уларга қўшимча баённомалар, тегишли UNECКО, Халқаро мехнат ташкилоти каби ҳужжатларда белгиланган.
Бундай қоидалар АҚШ, Бельгия, Германия, Франция, Италия, Туркия, Корея, Янги Зеландия, Финляндия, МДҲ мамлакатлари ва бошқа давлатлар конституцияларида келтириб ўтилган.
Ўзбекистон давлатчилигининг асоси деб эълон қилинган демократия фуқароларнинг давлат бошқарувида фаол иштирок этиши, давлат сиёсатини белгилашда ҳамда давлат давлат учун эмас, балки халқ учун яратилганига ишончни назарда тутади. Мазкур талаб барча демократик давлатлар учун устувор бўлган жамоат шартномаси ва вакиллик демократиясининг муҳим жиҳати ҳисобланади.
Таъкидлаш керакки, Вакиллик демократияси, бу демократия типидаги сиёсий режим бўлиб, унда халқ ҳокимиятнинг асосий манбаи сифатида тан олинади. Лекин давлат бошқаруви турли вакиллик органларига топширилади. Асосийси уларнинг аъзолари фуқаролар томонидан сайланади ва доимий равишда назорат қилинади.
Фуқаро ҳамда давлат бир-бирига нисбатан ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлар билан боғлиқлиги демократик давлат ғоясини ташкил этувчи Ижтимоий шартнома назарияси асосини ривожлантиради. Ҳуқуқ назариясида Ижтимоий шартнома деганда фуқаролар томонидан давлат бошқаруви қоидалари ва тамойиллари бўйича тегишли ҳуқуқий расмийлаштириш билан эришилган келишув тушунилади.
Ўзбекистон 2020 йил 13 мартдаги “Фуқаролиги тўғрисида”ги қонунига биноан, республикада фуқаролик шахснинг давлат билан ўзаро ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги йиғиндисида ифодаланадиган ҳамда инсон қадр-қиммати, асосий ҳуқуқлари ва эркинликларини эътироф этиш ҳамда ҳурмат қилишга асосланадиган доимий сиёсий-ҳуқуқий алоқасини белгилайди.
Ўзбекистон давлат органлари ва мансабдор шахслари орқали мамлакат фуқаролари олдида масъулдир. Республика фуқароси эса давлат олдида масъулдир.
Конституция ва жорий қонунчиликка биноан, давлат фуқароларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва экологик ҳуқуқларини нафақат ҳимоялаш, балки асосий ва бошқа қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлайди.
Бундан ташқари, давлат, хусусий ва бошқа мулк шакллари дахлсизлигини ҳимоялаш, маданият ёдгорликларини муҳофаза қилиш, ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар, умуммиллий бойликларни ҳамда улардан оқилона фойдаланишни муҳофаза этиш, жамоат бирлашмаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлаш ҳамда уларга ижтимоий ҳаётда иштирок этиш учун тенг ҳуқуқий имкониятлар яратиб бериш, диний бирлашмаларнинг фаолиятига аралашмаслик, оилани муҳофазаси қилиш, етим болаларни ва ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлаш, цензурага йўл қўйилмаслик ва бошқаларга масъул.
Ўз ўрнида конституция ва жорий қонунчиликка биноан, барча фуқаролар Конституцияда белгилаб қўйилган бурчларини бажарадилар. Жумладан, улар Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга, Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини авайлаб асрашга, атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга, қонун билан белгиланган солиқлар ва маҳаллий йиғимларни тўлашга, қонунда белгиланган тартибда ҳарбий ёки муқобил хизматни ўташга мажбурдирлар.
Қонунчиликда белгилангандек, Ўзбекистон ўз фуқароларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни мамлакат ҳудудида ва ундан ташқарида ҳам амалга оширади.
Ўзбекистон президенти ташаббуси билан бошланган конституциявий ислоҳатлар жараёнида асосий қонунимизга фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсизлиги, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмаслиги, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилиши, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларнинг, давлат органлари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг моҳияти ва мазмунини белгилаши ҳамда давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши кераклиги белгиланмоқда.
Шуни алоҳида эътироф этиш керакки, Конституция даражасида инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилиши қайд этилмоқда. Чунки бундай ҳолатда давлат масъулиятни ўз зиммасига олмаса, инсонга жабр бўлиши, зарар етиши мумкин. Бунда хоҳ у моддий зиддият бўлсин, хоҳ номоддий, қатъи назар давлат ўз фуқаросининг фойдасига масъулиятни ўзига олади.
Ҳар бир давлат ўз фуқаролари билан муносабатга киришар экан, алоҳида ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлади. Яъни, давлат ҳам, фуқаро ҳам ўзига хос ҳуқуқларга ва мажбуриятларга эга.
Масалан, давлат фуқаролар учун хавфсизлик, фаровонлик, тинчлик ва яхши ҳаёт кечириш учун шарт-шароитлар яратиб бериш каби мажбуриятларга эга бўлса, фуқаролар қонунларга бўйсуниш, бурч ва мажбуриятларни бажариш каби масъулиятни ўз зиммасига олади. Янги таҳрирдаги Конституцияда ушбу принциплар алоҳида белгиланяпти. Бунда асосий урғу инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини тўлақонли бажаришга қаратилмоқда.
Мисол учун, давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланади, дейиляпти. Бу нима дегани? Бунда ҳам жазолаш ёки бошқа таъсир кўрсатишнинг чегараси инсонийликка бориб тақалади.
Айтайлик, шахс тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи, лекин у давлат рўйхатидан ўтиш босқичларини қилмасдан ёки рухсат берувчи ҳужжатларни олмасдан иш бошлади. Бундай ҳолат учун яқин йилларгача унинг фаолияти тугатилган ёки тўхтатиб қўйилган. Бироқ бугунги кунда унга ўзи содир этган ҳуқуқбузарлик тушунтирилади, рухсат берувчи ёки лисензия ҳужжатини олиш учун муайян вақт берилади. Бундан кўзланган мақсад ҳам қонун устуворлигини таъминлаш, ҳам битта тадбиркорни сақлаб қолиш. Мана шу мутаносиблик принципи, мана шу мақсадга эришиш учун етарли бўлган чора ҳисобланади.
Давлат ва фуқаро бир - бири олдида масъул бўлмаса кўзланган мақсадга эришиб бўлмайди. Фуқаролар ўз мажбуриятларини сидқидилдан бажарса қудратли давлат барпо этилади, ўз навбатида давлат мажбуриятларини тўлиқ бажарса аҳоли фаровон яшайди.
Бундан ташқари Конститусиямизга ҳар қандай вазиятда дастлаб халқни айбдор деб ҳисоблашга оид эскича қарашларни бекор қиладиган янги норма киритилмоқда. Яъни эндиликда давлат билан юзага келган қонунчиликдаги заддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига ҳал қилинади.
Конституцияга киритиладиган ўзгартишлар Ўзбекистон фуқаролари ҳамда давлат органлари бир-бирига нисбатан ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлар билан боғлиқлигини жорий қонунчиликда мустаҳкамлаш, давлат органларини қонунда белгиланган талабларни самарали, бажари ҳамда фуқароларни қонунчиликда ўрнатилган мажбуриятларни бажариш тизимини мустаҳкамлайди.
Баҳодир Исмоилов, юридик фанлари доктори
Изоҳ (0)