Ўзбекистонда январь ойида электромобиллар сотуви 431 донани ташкил этди, бу 2022 йил декабрга нисбатан 3 фоизга (+13 дона) кўпроқ. Бу ҳақда “Дарё”га Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълум қилди.
Энг кўп электромобиллар Тошкент шаҳрида — 319 дона, Тошкент — 44 дона ва Фарғона вилоятларида — 13 дона сотилган.
2022 йил январь ойига нисбатан электромобиллар сотуви 85 фоизга (+198 дона) ошди.
Электромобилларга бўлган талабнинг ортиб бораётгани уларнинг божхона тўловлари, акциз солиғи ва автотранспорт йиғимларидан озод этилгани билан боғлиқ.
Хусусан, 2021 йилдан 2022 йилгача бозор 3 бараварга, яъни 1,7 мингдан 5,9 мингта электромобилга ўсди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ҳисоб-китобларига кўра, ҳукумат томонидан қабул қилинган чора-тадбирлар туфайли электромобиллар бозорининг янада ўсиши прогноз қилинмоқда.
Хусусан, электромобиллар ва эҳтиёт қисмларни Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни ташкил этиш, харидорларга маҳаллий электромобиллар сотиб олишда кредит фоизларини қоплаш учун компенсация тўлаш қўллаб-қувватланмоқда.
Бундан ташқари, 2023—2025 йилларда Ўзбекистонда электромобиллар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш мақсадида давлат улуши 50 фоиздан ошмайдиган давлат органлари, маҳаллий ҳокимликлар ва корхоналар томонидан электромобиллар сотиб олиш режалаштирилган.
Изоҳ (0)