Қоҳира шаҳрида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Миср Араб Республикасига расмий ташрифи арафасида Ўзбекистон—Миср бизнес форуми бўлиб ўтди. Унда тегишли вазирлик, идора ва тармоқ бирлашмалари раҳбарлари ҳамда икки мамлакат ишбилармон доираларининг 200 га яқин вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар иқтисодиётларнинг устувор тармоқларида икки томонлама сармоявий, савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва саноат кооперациясини ривожлантириш учун катта салоҳият мавжудлигини таъкидлади. Forum доирасида вазирлик, идора ва тармоқ бирлашмалари раҳбарларининг икки мамлакат иқтисодиётларининг устувор йўналишларидаги истиқболли лойиҳалар тақдимотлари ўтказилди.
Аниқ йўналиш ва лойиҳалар бўйича ҳамкорликнинг амалий жиҳатларини муҳокама қилиш мақсадида G2B ва B2B учрашувлари ҳам ўтказилди. Очиқ мулоқот руҳида кечган ушбу учрашувлар томонларга манфаатлар кесишадиган нуқталарини аниқлаш имконини берди.
Бизнес-форум якунлари бўйича:
— кимё;
— энергетика;
— тоғ-кон саноати;
— тўқимачилик;
— чарм-поябзал ва озиқ-овқат маҳсулотлари маҳсулотлари ишлаб чиқариш;
— саноат зоналарини ривожлантириш, инфратузилмани ривожлантириш;
— қурилиш;
— фармацевтика каби соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан келишувларга эришилди.
Маълумот ўрнида, Шавкат Мирзиёев Миср президенти Абдулфаттоҳ Ас-Сисининг таклифига биноан 20—21 февраль кунлари расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлади.
Изоҳ (0)