Ўзбекистонни Қозоғистон билан боғловчи иккита чегара божхона пости орқали фуқаролар ва енгил автотранспорт воситалари ҳаракати 15 февраль куни вақтинчалик тўхтатилади. Бу ҳақда Божхона қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 15 февраль кунидан Сирдарё вилояти божхона бошқармаси Сирдарё ва Тошкент вилояти божхона бошқармаси “С.Нажимов” чегара божхона пости орқали фуқаролар ва енгил автотранспорт воситалари ҳаракати вақтинчалик тўхтатилади. Дипломатик каналлар орқали Қозоғистондан келиб тушган хабарга кўра, Қозоғистоннинг “Қазигурт” (“С.Нажимов”) ва “Атамекен” (“Сирдарё”) ўтказиш пунктлари реконструкция қилиниши муносабати билан, 15 февралидан ушбу постлар орқали пиёдалар, автобус, енгил ва юк кўтариш қобилияти 3,5 тоннагача бўлган юк автотранспорт воситалари ҳаракати реконструкция даврида вақтинчалик тўхтатилади.
Ушбу ўтказиш пунктлари орқали фақатгина юк кўтариш вазни 3,5 тоннадан юқори бўлган юк автотранспорт воситалари ҳаракати давом этади. Фуқаролар ушбу ўтказиш пунктларига муқобил сифатида иш тартиби кун-у тун бўлган “Ғишткўприк” ва “Яллама” ҳамда иш тартиби куннинг ёруғ вақтида бўлган “Малик” ва “Оқ олтин” ўтказиш пунктлари орқали ҳаракатланишлари мумкин.
Изоҳ (0)