Қашқадарё вилоятининг Яккабог тумани ҳокимлиги ходими қурилиш фирмаси вакилидан 370 миллион сўмни ноқонуний тарзда олаётганида ушланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Аниқланишича, мазкур шахс Яккабоғ туманидаги иккита мактабгача таълим ташкилотида режалаштирилган 5 миллиард 250 миллион сўмлик капитал таъмирлаш ишларини амалга ошириш бўйича лойиҳани тендерда ютиб бериш эвазига ушбу сумманинг 7 фоизини талаб қилган.
ДХХ Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят ИИБ ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда сўралган пулни олаётганида қўйга тушган.
Шунингдек, тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида ушбу ноқонуний ишга алоқадор бўлган Яккабоғ тумани мактабгача таълим бўлими ходими ҳам ушланган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)