Ўзбекистонда 2022 йилда 172,1 минг нафар одам вафот этди. Бу ҳақда Статистика агентлигидан маълум бўлди.
2022 йилда қайд этилган ўлимлар сони сўнгги икки йилдаги энг паст кўрсаткич бўлди. 2020 ва 2021 йилларда мос равишда 175,6 мингта ва 174,5 мингта ўлим ҳолати кузатилганди.
Вафот этганларнинг 95 минг нафари эркаклар бўлса, 77,1 минг нафарини аёллар ташкил қилган. Шунингдек, шаҳар жойларда 92 минг киши, қишлоқ жойларда 80,1 минг киши ўлган.
Статистика агентлиги ўлимларнинг асосий сабаби сифатида қон айланиш тизимидаги касалликларни қайд этган. Ушбу сабаб билан 95,5 минг киши вафот этган. Бу 2022 йилдаги жами ўлимларнинг 55,5 фоизини ташкил қилади.
Маълумот учун, Ўзбекистонда 1,2 млн кишида қон айланиш тизими касалликлари мавжуд.
2022 йилда ўлганлар ёш гуруҳлари бўйича тақсимланганда, 20 ёшгача вафот этганлар 20 фоизни, 20-59 ёшлар орасида 24,6 фоизни, 60 ва ундан катта ёшлиларда эса 55,4 фоизни ташкил этган.
Сўнгги 5 йил давомида қайд этилган вафот этганлар сони кўрсаткичи ойлар кесимида таҳлил этилганда, нисбатан кам вафот этганлар сони январь ва сентябрь ойларида, энг кўп вафот этганлар сони эса июль—август ойларида қайд этилганлиги кузатилди.