Тошкент вилоятининг Чиноз туманида ёрилган муз орасида қолиб кетган Lacetti ҳайдовчисига ёрдам берилди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, воқеа бугун, 26 январь куни соат 10:00 да содир бўлган.
Чирчиқ дарёсининг Чиноз тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи қисмида дарё суви сатҳининг кўтарилиши кузатилди. Дарё сувлари қирғоқдан тошиб, тумандаги “Чинмасжид” маҳалласи ҳудудидаги йўлда кўлмак ҳосил қилган ва совуқ ҳарорат таъсирида музлаган. Жорий йилнинг 26 январь куни соат 10:00 ларда доимий яшаш жойи Тошкент шаҳрида бўлган фуқаро Lacetti русумли автомашинасида мазкур маҳалладаги дала ҳовлисига кетаётган вақтида музлаган кўлмак устидан ҳаракатланган. Машинанинг оғирлигига дош бера олмаган муз ёрилиши оқибатида автомашина ўша жойда қолиб кетган, — дейилади вилоят ҳокимлиги берган маълумотда.
Маълум бўлишича, ҳолат юзасидан соат 10:30 да Тошкент вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Тезкор бошқарув марказига хабар келиб тушган.
Қисқа вақт ичида Чиноз тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими қутқарувчилари воқеа жойига етиб бориб, муз орасида қолиб кетган фуқарога амалий ёрдам кўрсатишган. Содир бўлган ҳолат оқибатида фуқарога тан жароҳати етмаган, — дейди масъуллар.
Изоҳ (0)