«Ўзтрансгаз» об-ҳаво ҳарорати кўтарилиб, қулай шароит пайдо бўлгач, республикадаги барча АГТКШлар одатдаги иш тартибида ишлай бошлашини маълум қилди.
«Ўзтрансгаз» айрим газ-заправкаларда таниш-билишчилик қилинаётгани ҳамда айрим автотранспортларга метан газ тўлдирилаётгани ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарларга ҳам изоҳ берди.
Унда айтилишича, аҳоли, ижтимоий аҳамиятга молик объектлар ва қозонхоналарни табиий газ билан узлуксиз таъминлаш мақсадида республикадаги мулкчилик шаклидан қатъи назар ҳар қандай улгуржи истеъмолчилар, хусусан, АГТКШларга табиий газ таъминоти вақтинча тўхтатилди.
Аммо, ҳар бир вилоят ҳокимликлари билан келишилган ҳолда, айрим АГТКШлар куннинг маълум вақтида 1 соатдан 3 соатгача оралиқда уй-жой мулкдорлари ширкатлари, электр таъминоти корхоналари, ободонлаштириш бошқармалари, аҳолига пропан тўлдирилган газ балонлар етказиб берувчи ташкилотларнинг автотранспорт воситаларига хизмат кўрсатмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аномал совуқ туфайли қувурларда газ босимининг кескин пасайгани сабабли 12 январдан Ўзбекистондаги барча автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари фаолияти вақтинча тўхтатилганди.
Изоҳ (0)