Андижон вилояти Хўжаобод туманида ер майдони олиб беришни ваъда қилган иқтисодчи ушланди, деб хабар бермоқда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.
Қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Хўжаобод туман бўлими томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Унда Андижон вилояти уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси ҳузуридаги ишлаб чиқариш бошқармаси иқтисодчиси М.К. фуқаро Ж.М.га Андижон шаҳар Тошкент кўчасидаги қурилиши тугалланмаган бинонинг 4 сотих ер майдонини онлайн-аукцион орқали олиб бериш ва кадастр ҳужжатларини тайёрлаб беришини айтгани аниқланган.
У хизмати эвазига 20 000 долларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, ушбу пуллар ҳисобидан 400 долларни Хўжаобод туманидаги автомобиль бозори ёнида қайтариб берган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга тушган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳ (0)