Тошкентга ишлаш ёки ўқиш учун келган одам борки, ижара муаммоси билан тўқнашиши аниқ. Албатта, ижодкорлар ҳам бундан мустасно эмас. «Дарё» мухбири Наргиза Муродова ижодкорларнинг ижара билан боғлиқ хотираларини ўрганишга қарор қилди.
Феруза Жуманиёзова: «Яшаган еримиз тор бўлса-да, бахтли эдик»
Хонанда Феруза Жуманиёзованинг бугунги шароитини билганлар бир пайтлар пойтахтда онаси билан кичик «балкон»да яшаганига шубҳа қилса ажаб эмас. Аммо ҳақиқатан ҳам у бир неча йил ижара уйда яшашга мажбур бўлган.
— Онам асли санъаткор бўлса-да, бу касбни танлашимга қарши бўлган. Охири санъатга бўлган иштиёқим баландлиги учун «Сени Тошкентга олиб бораман, аммо чизган чизиғимдан чиқмайсан», деб шарт қўйган. Онам билан Тошкентга келганмиз. Тошкентдан яхши оиланинг икки хонали ижара уйига жойлашганмиз. У ерда биз билан бирга эр-хотин фарзандлари билан яшарди. Эр-хотин алоҳида хонада, фарзандлар меҳмонхонада, мен ва онам эса кичик «балкон»да ётардик. У ер шунчалик тор эдики, иккита кўрпачадан ортиғи сиғмасди. Шу шароитда бир йил яшаганмиз. Онам катта ҳовлида яшаб ўрганган бўлса-да, бирор марта норози бўлмаган. Ўйлаб қарасам, бу ҳаётимдаги қийинчилик эмас, балки энг бахтли кунларим бўлган экан. Яшаш жойимиз тор бўлса-да, бахтли эдик. Рости, ўша кунларни ҳалигача соғинаман, — дейди хонанда Феруза Жуманиёзова.
Тўхтамурод Азизов: «Ётоқхонамизда биттагина каравот бор эди»
«Кўзгу» театр сутудиясининг асосчиси, Обид Асомов ва Мирзабек Холмедов каби кулги усталарининг устози Тўхтамурод Азизов ҳам молиявий қийинчиликларни бошдан ўтказган. У янги куёвлик давридаги воқеаларни кулги билан эслайди.
— Раҳматли аёлим Раъно билан оила қургач, алоҳида яшашимизга тўғри келди. Ўша пайтларда ижодкорлар учун ётоқхона бериларди. У ер оилали одамга мўлжалланмагани учун биттагина каравоти ва деворга илинган кўзгусидан бошқа ҳеч нарса йўқ эди. Овқат пишириш учун навбатга ёзилиш, кир ювиш учун ҳам қўшнилар билан маслаҳат қилиш керак эди. У ҳам талаба. Мен ҳам талаба бўлганим учун пул жамғариб, уйимизга иккинчи каравотни ҳам харид қилолмаганмиз. Хотин сиз ётоқда ухланг дерди, мен унинг ҳурматини қилардим. Аммо ажойиб дамлар эди. Пешонага битган бўлса ҳаммаси бўлади, фақат озгина сабр ва меҳнат қилиш керак, холос, — дейди Тўхтамурод Азизов.
Муҳаммадали Абдуқундузов: «Оилам билан кичик хонада яшаганмиз»
Ўзбекистон халқ артисти, «Бобур» номидаги халқаро мукофот совриндори Муҳаммадали Абдуқундузов оиласи билан Тошкентга келганида ижарага уй олишга ҳам пули бўлмаган экан.
— Ўғилларимнинг болалиги ижара уйда ўтди, десам хато бўлмайди. Аввалига 11 йил Сурхондарёда яшаб, театрда ишладик. У ердаги шарт-шароитлар ёмон эмасди. Кейин аёлимнинг қистови билан Тошкентга келганмиз. У пайтларда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвонини олган бўлишимга қарамай, Ўзбек миллий академик театрига актёр штатига қабул қилишмаган. Актёрлик штатида жой йўқлигини айтиб, хўжалик ишлари бўлимига ишга олишганди. Ижара уйга пулимиз йўқлиги учун ижодкорлар ётоқхонасига жойлашганмиз. Уйимиз битта хонадан иборат эди. Аёлим ва икки ўғлим билан бирга 9 метр квадрат хонада яшашимизга тўғри келган. Актёрлик штатига ишга олиниб, маошим кўтарилгач, ижара уйга кўчиб ўтганмиз. Ижара уй ҳам ҳаминқадар эди, аммо ётоқхонадан анча кенг бўлгани учун кўзимизга сарой бўлиб кўринган, — дейди Муҳаммадали Абдуқундузов.
Юлдуз Турдиева: «Дераза ойнаси синган уйда қўрқиб, тонггача ухламасдим»
Таниқли хонанда Юлдуз Турдиеванинг бугунги молиявий шароити ҳавас қилгудек. Чунки мухлислар уни қимматбаҳо машина ва ҳашаматли уйда кўриб ўрганган. Аммо хонанда ҳам бир неча йиллар олдин ижара уйда яшаб, бу кунларни орзу қилганини яширмайди.
— Турмуш ўртоғим билан Тошкентга келганимизда ҳеч нарсамиз йўқ эди. Ишонасизми, бир йил ичида 10 та ижара уйда яшашимизга тўғри келган. Шароити яхшисининг пули тўғри келмасди. Ёки пули тўғри келганининг шароити қониқарсиз даражада бўларди. Биринчи қаватдаги дераза ойнаси йўқ хонадонда яшаганимиз ҳеч эсимдан чиқмайди. Кимдир кириб келса, нима қиламан, деб тонг отгунга қадар ухлолмасдим. Ҳатто, бундай ижара уйга ўғлимни олиб келишга қўрқиб, уни қайнонамга ташлаб келгандим. У пайтларда пропискасизларни яхши ишга олишмасди. Шу боис турмуш ўртоғим билан ишга жойлашишга қийналганмиз. Ҳатто, қониқарсиз даражадаги уйни ижарага олишга ҳам пулимиз қолмаганди. Ўшанда турмуш ўртоғимнинг дўстларидан бирининг бир хонали уйига кўчиб ўтгандик. У уйда ўндан ортиқ киши яшаб, битта қозондан овқат ердик. Ижара азобини тортганим учун халқаро фестивалда ғолиб бўлгач, мукофот пулига икки хонали уй харид қилганман. Бу ҳаётимдаги энг қувончли кун бўлган, — дейди хонанда Юлдуз Турдиева.
Барчин Ғофурова: «Уйни сотиб, ҳалигача ижарада яшаймиз»
«Бахт овчиси» сериалидаги Зуля роли билан томошабинларга яхши таниш бўлган актриса Барчин Ғофурова онаси билан ижара уйда яшайди. Тез орада эса у онаси учун уй сотиб олишни режалаштиряпти.
— Оилада икки фарзандмиз. Укам иккимизнинг болалик йилларимиз ҳавас қилгудек ўтган. Афсуски, мактабни битириш арафасида укамда жиддий хасталик аниқланди. Онам уйимизни сотиб, укамни даволатишга қарор қилди. У кунларни эслаш жуда оғир. Шукрки, укам Прагада узоқ вақт даволаниб, касалликдан бутунлай халос бўлди. Аммо ижара уйда яшаш осон эмасди. Яширмайман, пулдан қийналганим учун дарсдан кейин ошхоналарда ишлашимга тўғри келган. Ижара уй эгасининг қош-қовоғига қараб яшаш жуда қийин. Улар билан зиддиятли вазиятларга ҳам учраганмиз. Чунки инсон ижара уйда бепул яшамайди. Унинг ҳам уйдан эркин фойдаланишга ҳаққи бор.Укам хорижда, мен эса онам билан Тошкентдаги ижара уйда яшаймиз. Укам иккимизнинг орзуларимиз жуда кўп. Насиб қилса тез орада онамга орзусидаги уйни совға қиламиз.
Зуҳра Солиева: «Ижара уйдан пиёда ишга қатнардим»
Комик актриса Зуҳра Солиева бошқа ҳамкасблари сингари шахсий муаммоларини мухлислардан яширмайди. Унинг ижара уйда яшаши, ҳатто миниб юрган машинасини ҳам муддатли тўлов эвазига харид қилгани сир эмас.
— Тошкентга келганимдан буён ижара уйда яшайман. Буни айтишдан ҳеч қачон уялмаганман. Худойим насиб қилиб, ойма-ой ижара пулини тўлаб бораётганимга ҳам шукр. Ижара уйда яшаш қийин, айниқса, талаба ёки ишга жойлашолмаган инсонларга бундан ортиқ азоб йўқ. Ғир этиб, ой ўтади ва уй эгаси эшик тақиллатиб туради. Мен ҳам бир неча ой Ўзбек Миллий академик драма театрида маошсиз ишлаганман. Баъзан тўйларга таклиф этишарди. Аммо танилмаган актрисанинг меҳнат ҳаққи у қадар юқори баҳоланмасди. У пайтларда «Новза» метроси яқинидаги квартирада қизлар билан яшардик. Пулим йўқлигидан театрга пиёда қатнайдиган бўлдим. Кимдир «Сизни пиёда кўрдим», деса соғлиқ учун фойдали деб кулиб қўярдим. Аслида чўнтагимда бир сўм ҳам пулим йўқ эди. Бир куни ёмғир шаррос қуйди, соябонни кўтариб яна йўлга тушдим. Аммо туфлим тешиклигидан оёғим сувга бўкди ва шим тизза бўйи сув бўлди. Театрга келиб роса йиғлагандим. Ҳозир ҳам ижара уйда яшайман, пешонага бица, уй-жой қиламан. Аммо бугунги кунимдан нолимайман, — дейди актриса Зуҳра Солиева.
Сарвар Баҳодиров: «Ёғоч каналари қонимизни ичган»
Бошловчи Сарвар Баҳодиров томошабинларга «Марказий студия» кўрсатуви орқали яхши таниш. У ҳам яқин кунларгача ижара уйда яшаган. Бунинг нақадар оғриқли мавзу эканини яхши билади.
— Ижара уйда яшаш азобини Тошкентга келганларнинг деярли бари бошидан кечиради. Тошкентга қарз-ҳавола қилиб келганман. Пулим жуда кам эди. Кунлик ижараларда ҳам яшашга мажбур бўлган кунларим бўлган. Ҳатто, шундай кунлар бўлганки, ижарага пул тополмай, «МЙ 5»да қолиб, стуллар устида ухлаганман. Табиийки, бу раҳбарларга ёқмаган. Мен эмас, бошқа ходимларнинг ускуналардан ўз манфаати йўлида фойдалангани уларни ғазаблантирган. Шундан сўнг кечқурун ишхонада қолишни тақиқлаб қўйишган.
Бир муддат қариндошларнинг ҳам уйида яшаганман. Ундан кейин 5-6 та йигит билан ижрага уйга кўчиб ўтганман. Улар орасида танишлари ҳам, нотанишлари ҳам бор эди. Кўчган ижара уйимизда ёғоч каналар бор экан. Эрталабгача мижжа қоқмай чиқардик. Уй эгаси ижарачиларга қандай муносабатда бўлишини яхши биласиз. Дард-у, ҳолингизни айтсангиз «ёқмаса кет» дейди, холос. Шунда монтажчи йигитлардан бири уйига таклиф қилган. Бир муддат унинг ҳам уйида яшаганман. Ойлик олишни бошлаганимдан кейин яхшироқ квартирага кўчиб ўтганман, — дейди бошловчи Сарвар Баҳодиров.
Ҳамдам Собиров: «17 йил ижара уйда яшадим»«Қора атиргул», «Мактабимда» ва «Тентакчам» қўшиқлари билан мухлислар қалбидан жой олган ҳамда ҳозирги кунда YouTube’да клиплари энг кўп томоша қилинадиган хонанда Ҳамдам Собиров ҳам узоқ йиллар ижара уйда яшагани ва уй соҳиби бўлиш бахтига эришганига кўп бўлмаганин яширмайди.
— Болалигимда оиламиз кўплаб молиявий қийинчиликларга учраган. Ҳатто бизнинг Навоийда ҳам уйимиз йўқ эди. Оиламиз билан ижара уйда яшардик. Ундан кейин Тошкентга келдим. Бу ерда ҳам худди шу муаммо. Пулим камлиги учун кичик уйни бир нечта йигитлар билан банд қилардик. Феъл-атвори турлича бўлган инсонлар билан бир уйда яшаш қанчалик қийинлигини бошидан кечирганлар яхши билади. Ҳатто истаган пайт чироқни ҳам ёқолмайдиган кунларим бўлган. Кейинчалик бир-икки сўм топгандан кейин ўзим учун алоҳида уй ижрага олганман. Ўйлаб қарасам, Тошкентнинг ўзида 17 йил ижарада яшаган эканман, — дейди Ҳамдам Собиров.
Элдор Қаюмов: «Йигирма йилдан ортиқ ижарада яшаш»
Бастакор Элдор Қаюмов Умидахонга «Кел, ярашайлик», Фаррух Комиловга «Тарам-тарам» каби қўшиқларни яратган ижодкор ҳисобланади. Афсуски, у хонандалар учун керакли ижодкор бўлса-да, ҳамон ижара уйда яшайди.
— Талабанинг ижарада яшаши у қадар қийин эмас. Бўлса бир чамадон кийими ва 3-4 та китоби бўлиши мумкин. Аммо оилали, узатиладиган сингиллари бўла туриб, ижарама-ижара кўчиб юриши азоб. Буни бир-икки марта кўчиб кўрган инсонлар яхши билади. Одамнинг уйга, атроф-муҳитга мослашиши учун баъзан шунча вақт кетади. Ижарага бериладиган уй ҳар доим ҳам яхши бўлавермайди. Шу ёшгача жуда кўп марта ижара билан боғлиқ муаммоларга учрадим. Тахминан ўттиздан ортиқ уйда яшашимга тўғри келди. Ижарага ойлаб пул тўлолмаган кунларим ҳам бўлди. Уларнинг баъзилари тушунади, баъзилар йўқ. Тўлов бир кунга кечикса, ҳисоб-китобни қилишни талаб қиладиганлари ҳам бор.
«Нега уй олмайсиз?» дейдиганлар жуда кўп. Мен ҳам ўз уйим бўлишини хоҳлайман, ҳадеб уй алмаштиришни истамайман. Нима қилай вазиятим шундай. Қўшиқлар кўп ёзаман, шу кунгача талайгина машҳур хонандалар билан ишлаганман. Аммо бизда қалам ҳаққи ва муаллифлик ҳуқуқи у қадар яхши ишламайди. «Тўйлар кўпайсин суришиб кетамиз?» ёки «Машҳур бўлиб олай ўзим олиб бераман» деган ваъдалар жуда кўп бўлган, — дейди бастакор Элдор Қаюмов.
Аҳрор Қўшматов: «Суваракли уй даҳшатли эди»
Бошловчи ва шоумен Аҳрор Қўшматов ҳам оиласи билан узоқ йиллар ижара уйда яшаган. У ҳаётидаги энг қийин кунлар ҳам ижара уйларда содир бўлганини яширмайди.
— Тошкентга энди келган пайтларим ижара азоби қандай бўлишини билмаганмиз. Аёлим билан қишлоқдаги бор мебелларни олиб келиб, уларни уйга жойлатгандик. Биринчи ой жуда яхши яшадик. Аёлим ҳомиладор, уйимиз чиройли, шароитлари аъло. Аммо иккинчи ой ижарасини уч кун кечиктирганим учун уй эгаси тўполон қилиб келган. Ўшанда хотинимдан яширинча, тилла узугини сотиб, ижара уй пулини тўлагандим. Бир ой ҳаш-паш дегунча ўтган ва яна пул тўлайдиган пайт келганди. Таниш-билишлардан ҳам қарзга пул тополмаганимдан кейин уйдан чиқиб кетишга мажбур бўлганмиз. Аксига олиб бирорта яхшироқ ижара тополмагандик. Укамни чақиртириб, кийимларимиздан ташқари ҳамма нарсани қишлоққа бериб юборгандик.
Кейин бир танишим «Кампирнинг уйида жой бор, ижара пули ҳам унчалик қиммат эмас», деди. Аёлим билан бориб, берилган хонани яхшилаб тозаладик. Аёлим ҳомиладор эрта-индин кўзи ёрийдиган бўлиб турибди. Кечаси нимадир шитирлагандек бўлди, ҳайрон бўлиб чироқни ёқсам, деворларда катта-катта сувараклар юрибди. Улар шу даражада кўпки, бундай ҳолатни фақат қўрқинчли киноларда кўриш мумкин. Аёлимни ташқарига чиқариб, анча вақт суваракларни ўлдириш билан шуғулланганман. Эртаси куни дорилаб, сувараклардан қутулгандик. Аммо у уй ҳам сотиладиган бўлиб, яна кўчишимизга тўғри келди. Хуллас, ўн йил умримиз шундай сарсонликда ўтди, — дейди бошловчи Аҳрор Қўшматов.
Мавзуга доир: McDonald’sда идиш ювган актёр, Россияда уй қурган хонанда. Мусофирликни бошдан кечирган ўзбекистонлик санъаткорлар (фото)
Изоҳ (0)