Ўзбек санъати вакиллари орасида ижоддан ташқари, бошқа соҳаларда ҳам фаолият юритадиганлар бисёр. Улар ҳунарли эканлигидан фахрланади ва ижоддан ташқари бу фаолият тури билан ҳам шуғулланади. Қуйида ана шундай санъаткорлар ҳақида сўз боради.
Раъно Шодиева
Раъно Шодиева ўзбек киносидаги энг маҳоратли актрисалардан бири ҳисобланади. У «Ватан», «Қўрғошин», «Барон» ва «Берлин—Оққўрғон» фильмларида муваффақиятли ролларни ижро этган. Шу билан бирга, у имконияти чекланган инсонларга кўмак бериш мақсадида «Меҳрли қўллар» ёшлар ва болалар марказини ташкил этган.
— Сурдо тили оиламиз учун янгилик эмас. Чунки дадамнинг эшитиш билан боғлиқ нуқсони бўлгани учун болалигимиздан бу тилни ўрганишга ва у орқали дадам билан эркин мулоқот қилишга ҳаракат қилганмиз. 2003 йили уч ойлик курсга қатнадим ва сурдо таржимони мутахассислигини эгалладим. Ҳозирги кунда бу тилда эркин мулоқот қилоламан. Ҳатто фарзандларим ҳам буни ўрганишган.
Болалигимдан имконияти чекланган инсонларга бефарқ бўлмаганим учун «Қўллар ёрдамида гаплашамиз» номли ташкилотни йўлга қўйгандим. Ундан кейин унинг қамрови янада мукаммаллашиб, эшитиш, кўриш, гапириш билан боғлиқ имконияти чекланган болалар ва ёшлар ташкилотини туздик. Ҳозирги кунда раҳбарлигимдаги «Меҳрли қўллар» ёшлар ва болалар маркази имконияти чекланган қатлам вакилларининг ҳаётга мослашувчанлигини оширишга ўз ҳиссасини қўшмоқда, — дейди актриса Раъно Шодиева.
Сўғдиёна Азимова
2011 йили кино оламига кириб келган Сўғдиёна Азимова ўндан ортиқ муваффақиятли фильм ва сериалларда суратга тушган. Аммо у актрисалик бўйича ҳеч қандай мутахассисликка эга эмас. У 15 йиллик тажрибага эга стилист ҳисобланади.
— Болалигимдан сартарошлар фаолиятига қизиққаним учун шогирдликка тушиб, соҳанинг сир-асрорларини ўрганганман. Стилистлик фаолиятимни 2007 йилда бошлаганман. У пайтларда актриса бўлишни ҳаёлимга ҳам келтирмагандим. Бу соҳада 15 йил фаолият юритдим ва бу йилдан бошлаб соғлиғим сабаб бироз танаффус қилишга мажбур бўлдим. Тик оёқда туролмаяпман. Шу боис асосий эътиборимни сериаллардаги иштирокимга қаратдим. Ҳозир иккита сериалда суратга тушяпман, — дейди Сўғдиёна Азимова.
Музаффар Саъдуллаев
«Осмондаги болалар» фильмидаги Ҳамдам роли билан томошабинларга яхши таниш бўлган Музаффар Саъдуллаев ҳам профессионал актёр эмас. У ҳисобчилик дипломига эга, ҳунарманд ҳисоблади.
— 1994 йили тоғам набираларнинг каттаси темирчиликни ўргансин, деб «Чорсу» бозоридаги устага шогирдликка берган. Беш йил давомида темирчиликнинг сир-асрорларини ўрганганман. Мактабни тамомлагач, бухгалтерия соҳаси бўйича таҳсил олганман. Дадам «Ўзбекфильм»да ишлагани учун мен ҳам бир муддат кино соҳада ишладим.
Ҳозир «Чорсу» тунука бозоридаги расталарнинг бирини банд этганмиз. Киносъёмкалар ҳар доим ҳам бўлмайди, аммо қозон ҳар куни қайнаши керак. Шу боис ўтган вақт мобайнида тунукачиликдан узоқлашмасликка ҳаракат қилдим. Насиб қилса, иккита кинолойиҳада чала ишим қолди. Уларни тамомласам, санъатдан бутунлай кетишни ният қилганман, — дейди Музаффар Саъдуллаев.
Ёрқиной Ғозиева
Актриса ва кинопродюсер Ёрқиной Ғозиева «Фарзандим-2», «Тубанлик» ва «Ўжар келин» каби фильмларда муваффақиятли ролларни ижро этган. У саломатлигидаги муаммо сабаб массажистликни ўрганган.
— Бошидан ўтказган табиб, деб бежиз айтишмайди. Аввалига онам, ундан кейин ўзим умуртқа билан боғлиқ хасталикка чалинганмиз. Шундан кейин физиотерапия соҳасини ўрганишга қарор қилганман. Ҳозирги кунда 10 йиллик тажрибага эга даволовчи массажистман. Ҳунарли одам оч қолмайди, деб билганим учун шу кунгача тикувчилик ва қандолат маҳсулотларини тайёрлашни ҳам ўрганганман. Кино съёмкалари йўқ пайтда тўйлар учун буюртма тортлар ҳам пишириб сотганман, — дейди актриса Ёрқиной Ғозиева.
Озод Шукруллоев
Озод Шукруллоев — Zo‘r TV телеканалининг «Stand up» кўрсатуви орқали томошабинлар эътиборига тушган. У ҳозирда партнёри Мафтуна Шокирова билан ҳамкорликда Instagram учун вайнлар тайёрламоқда. Унинг саҳифасини 858 мингта обуначи кузатади. Озоднинг аслида профессионал шифокор эканлигини кўпчилик билмаслиги мумкин.
— Ўтган йили Тошкент тиббиёт академиясини тамомладим. Мутахассислигим бўйича жарроҳман. Ҳозирги кунда хусусий клиникаларнинг бирида пластик жарроҳ сифатида фаолият юритаман. Икки ишим бир-бирига халал бермаяпти, — дейди Озод Шукруллоев.
Шаҳзода Муҳаммедова
Актриса ва телебошловчи Шаҳзода Муҳаммедова аслида кино оламига либос устаси сифатида кириб келган. Аммо унда фильмларда суратга тушиш иштиёқи ҳам баланд бўлган. «Тундан тонггача» фильмидаги иштирокидан сўнг томошабинлар уни актриса сифатида кашф этишди. Аммо у актрисаликдан ташқари миллий ва халқаро мода фестивалларида иштирок этадиган маҳоратли дизайнер ҳисобланади. У яқинда Италиянинг Милан шаҳрида ўтказиладиган Мilan Fashion Week халқаро мода ҳафталигида ҳам иштирок этган.
— Болалигимдан дизайнерлик соҳасига қизиқаман. Мактабни битиргач, Бинков номидаги Республика рассомлик коллежида таҳсил олганман. Аммо яқинларим тавсияси билан Тошкент давлат Иқтисодиёт университетида таҳсил олганман. Лекин диплом бўйича ишлай олмадим.
Отамнинг орзуларини амалга ошириш учун мерос қолган бинода илк дизайнерлик уйимни ташкил қилдим. Албатта, буни амалга оширишда бувим ва онам кўмаклашишганди. Ҳозирги кунда дизайнерлик уйи анча кенгайган. Турмуш ўртоғимнинг таклифи билан алоҳида бино ҳам ташкил этдик. «Шаҳзода Муҳаммедова» дизайнерлик уйининг вилоятдаги филиаллари ҳам ташкил этилган, — дейди Шаҳзода Муҳаммедова.
Малика Раҳимова
Малика Раҳимова 2017 йилдан буён Ўзбек давлат драма театрида фаолият юритади. У «Отасининг қизи», «Сабъайи сайёр», «Жамила», «Труфалдино – икки бойга бир малай», «Минг бир кеча» спектаклларида бош ролларни ижро этган. Чингиз Айтматовнинг 90 йиллигига бағишлаб «Айтматов ва театр» халқаро театрлар фестивалида «Жамила» спектакли билан қатнашиб, «Йилнинг энг яхши аёл роли учун» мукофотланган.
— Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида шартнома асосида ўқиганман. Иккинчи курсда молиявий қийинчиликлар сабаб ишлашимга тўғри келган. Болалигимда криминал соҳага қизиққаним учун ўзимни шунга яқин соҳада синаб кўрганман. Камералар орқали ўғрилик ҳолатларини аниқлаш билан шуғулланардик. Ишимиз жуда қизиқ эди. Бўлим бошлиғимиз Эргаш Комилов сизга мос иш бор, деди.
Афсуски, ўша пайтда диплом спектаклига тайёргарлик кўраётганим учун ишни рад этишимга тўғри келди. Институтни тамомлаб, театрга ишга бордим. Лекин бўш иш ўрни йўқлигини айтишди. Эргаш Комилов билан боғланиб, янги иш ҳақида сўрадим. Иш у қадар қийин эмаслигини ва уч кунда бир маротаба ишга боришим кераклигини айтишди. Ҳозирги кунда Тошкент марказий вокзалида нозир ва Ўзбек давлат драма театрида актриса сифатида ишлайман. Биз йўловчилар хавфсизлигига жавоб бериб, уларнинг ҳужжатлари ва юкларини назоратдан ўтказамиз.
Турмуш ўртоғим Камол Раҳимов «Афросиёб» йўналишидаги поездлар қатнови видеокузатувида оператор бўлиб ишлайди. У билан темир йўлда танишганмиз, — дейди Малика Раҳимова.
Ғолиб Ҳабибуллаев
«Иблис девори», «Қора илон» ва «Фидойилар» каби фильмлардаги иштироки билан томошабинларга яхши таниш бўлган актёр Ғолиб Ҳабибуллаев оилавий новвойчилик билан шуғулланади.
— Ота-онам умр бўйи новвойчилик билан шуғулланишган. Уларнинг оила қуришига ҳам шу ҳунарлари сабаб бўлган. Болаликдан унинг сир-синоатларини ўрганганмиз. Ҳатто ўқувчилик пайтимдан дадам сафарга кетганида онам иккимиз нонларни ёпардик.
Санъатдан ташқари новвойчилик билан ҳам шуғулланаман. Съёмкадан бўш вақтим новвойхонада ўтади. Бу иш билан шуғулланиш менга завқ бағишлайди, — дейди Ғолиб Ҳабибуллаев.
Мадина Мумтоз
Ижодини хонандаликдан бошлаган Мадина Мумтоз актриса сифатида ҳам бир нечта фильмларда суратга тушган. Хусусан, «Менинг дадам бўйдоқ», «Бевалар», «Жаноб ҳеч ким», «Ўзимдан ўзимгача» ва «Энди дадам бўйдоқ» каби фильмлардаги роллари томошабинлар эътиборига тушган. У ҳозирги кунда кино ва қўшиқчилик соҳасида фаолият юритмай, ўзини янги йўналишларда синаб кўряпти.
— Болалигимдан ошпазлик соҳасига қизиққанман. Бу соҳани мустақил ўрганиш билан бирга, бир неча курсларга ҳам қатнаганман. Шу йили Истанбулда «Турк ошпазлари академияси»да ошпазлик бўйича таҳсил олиб қайтдим. Ундан кейин Тошкентдаги энг моҳир ошпазлар, меҳмонхона ошпазларидан амалий сабоқ олдим. Менга ҳам ўргатинг, буни қандай тайёрладингиз, деган саволлар кўп бўлгани учун онлайн курс очишга қарор қилдим. «Турк таомлари ошпазиман» курсида таомлар билан биргаликда салат ва десертлар ҳам ўргатилади, — дейди Мадина Мумтоз.
Мавзуга доир:
Изоҳ (0)