Ўзбекистонда 2022 йилнинг ўтган даврида 68 киши коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар бергани ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашгани сабабли прокуратура органлари томонидан рағбатлантирилди.
Бош прокуратура матбуот хизматининг маълум қилишича, уларнинг 22 нафарига пул мукофоти, 42 нафарига ташаккурномалар ва 4 нафарига эсдалик совғалар топширилди.
Рағбатлантирилган шахсларнинг берган хабарларига кўра, 61 та ҳолатда пора олиш ва 7 та ҳолатда бюджет маблағларини жуда кўп миқдордаги қийматда талон-торож қилиш жиноятлари фош этилиб, айбдор шахсларга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коррупция ҳолатлари ҳақида Коррупцияга қарши кураш агентлигини хабардор қилиш имконини берувчи махсус дастурий таъминот ишлаб чиқилган.
Интернет тармоғидаги мазкур «eanticor.uz» дастури тест режимида ишга туширилган бўлиб, унда коррупция ҳолатлари ҳақидаги мурожаатларни тўртта шаклда, яъни:
- «коррупцияга дуч келдим ва пора беришга мажбур бўлдим»;
- «коррупцияга дуч келдим ва пора бермадим»;
- «пора билан боғлиқ бўлмаган коррупцияга дуч келдим»;
- «ҳалол ишлайдиган давлат хизматчисини учратдим» каби мавзуларда юбориш мумкин.
Изоҳ (0)