Фарғона тумани Тоштепа кўчасидаги чегара қўриқлаш постида 26 ноябрь куни ҳайдовчи Cobalt’да ҳарбий хизматчини уриб кетди. Вилоят прокуратураси ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
Аниқланишича, М. Cobalt машинасини бошқариб бориб, чегара қўриқлаш постига яқинлашган вақтда муддатли ҳарбий хизматчи Д.Ў.нинг тўхташ ҳақидаги ишорасига бўйсунмасдан, ўтиб кетган.
Шундан сўнг Д.Ў. дарҳол рация орқали ўзидан 200 метр узоқликда хизмат вазифасини олиб бораётган ҳарбий хизматчи оддий аскар А.Т.га автомашина унинг қонуний талабига бўйсунмасдан чегара постини бузиб ўтгани ҳақида хабар берган.
А.Т. эса ушбу машинага тўхташ ишорасини берган вақтида М. унга қараб ҳаракатланиб бориб, машинанинг олд қисми билан уни қасддан уриб юбориб, ҳодиса жойидан қочиб яширинган. Оддий аскар А.Т. олган тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.
Мазкур ҳолат бўйича М.га нисбатан Жиноят кодексининг 219-моддаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган ва унга нисбатан «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Изоҳ (0)