Ижтимоий тармоқларда Қашқадарёнинг Косон туманида содир бўлган ЙТҲ ҳақидаги видео тарқалди. Вилоят ИИБ матбуот хизмати ҳолат юзасидан маълум берди.
Унга кўра, воқеа 19 декабрь куни тахминан соат 07:15 ларда А-380 Ғузор—Бухоро—Нукус—Бейнеу автомобиль йўлининг 73 километрида юз берган. Ҳайдовчи Б.Н. Spark’ни Қарши—Косон йўналиши бўйича бошқариб кетаётиб, бир йўналишда олдинда ҳаракатланиб бораётган «ГАЗ-53» юк машинасига урилган.
Оқибатда Spark ҳайдовчиси олган оғир тан жароҳати боис воқеа жойида ҳалок бўлган. Унинг йўловчиси Н.С. эса олган тан жароҳатлари сабаб шифохонада вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)