Ўзбекистонда йил бошидан бери божхона тўловлари бўйича тушумлар ва товарлар экспорти ҳажми қандай ўзгаргани таҳлил қилинди. Бу ҳақда «Дарё»га Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази хабар бермоқда.
2022 йилнинг январь—ноябрь ойларида божхона тўловлари бўйича тушумлар 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 38,6 фоизга ошди.
Божхона тушумларининг энг катта ўсиши Андижон (60,7 фоиз), Жиззах (55,1 фоиз), Сирдарё (46,7 фоиз), Фарғона (41 фоиз) вилоятларида, Қорақалпоғистон (41,3 фоиз) ва Тошкент шаҳрида (42,9 фоиз) кузатилди.
Умуман олганда, божхона тўловларидан тушадиган даромадларнинг ошишига 2022 йил январь—ноябрь ойларида импорт ҳажмининг ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 19,7 фоизга ўсиши таъсир кўрсатган асосий омил бўлди.
Давлат божхона қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йил бошидан 30 ноябрга қадар товарлар экспорти ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 20,4 фоизга ошган.
Экспортнинг сезиларли ўсиши Сирдарё (40,4 фоиз), Андижон (38,5 фоиз), Навоий (27,1 фоиз), Наманган (25,9 фоиз), Самарқанд (25,6 фоиз) вилоятларида ва Тошкент (40,5 фоиз) шаҳрида кузатилди.
Ўзбекистон экспортининг ўсиши саноат маҳсулотлари, озиқ-овқат маҳсулотлари, кимёвий моддалар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортининг ўсиш суръатлари ошгани билан изоҳланади.
Экспортнинг камайиши Сурхондарё (-21 фоиз), Бухоро (-3,4 фоиз), Жиззах (-2,9 фоиз) вилоятларида ва Қорақалпоғистонда (-12 фоиз) кузатилди.
Аввалроқ йил бошидан бери Ўзбекистонда солиқ тушумлари қандай ўзгаргани таҳлил қилинганди.
Изоҳ (0)