Ўзбекистонда йил бошидан бери солиқ тушумлари қандай ўзгаргани таҳлил қилинди. Бу ҳақда «Дарё»га Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази хабар бермоқда.
Жорий йилнинг 1 январидан 30 ноябригача бўлган даврда мамлакат солиқ тушумлари ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 17,2 фоизга ошган.
Фарғона (34,2 фоиз), Самарқанд (34 фоиз), Бухоро (32,6 фоиз), Жиззах (31,7 фоиз), Сирдарё (29,6 фоиз) вилоятларида, Қорақалпоғистон Республикасида (31,9 фоиз) ва Тошкент шаҳрида (42,7 фоиз) солиқ тушумларининг сезиларли ўсиши қайд этилди.
Бюджетга солиқ тушумларининг ўсиши барқарор тенденцияни сақлаб келмоқда.
Таҳлилларга кўра, жорий йилнинг 11 ойи давомида солиқ тушумларининг ўсишига: қўшилган қиймат солиғи (32,6 фоиз) ва айланмада олинадиган солиқ (44,4 фоиз) катта таъсир кўрсатди.
Шунингдек, йил бошидан буён ташкилотлар томонидан тўланган даромад солиғи 53,8 фоизга кўпайди.
Шу билан бирга, солиқ тушумларининг ўсишига янги корхоналарнинг 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 14,4 фоизга кўпайиши таъсир кўрсатди.
Шундай қилиб, йил бошидан буён 82 мингдан ортиқ янги корхоналар ташкил этилди. Уларнинг энг кўпи Самарқанд (9 332), Фарғона (7 951), Қашқадарё (7 470), Тошкент (6 325), Хоразм (5 240) вилоятларида ва Тошкент (14 408) шаҳрида рўйхатга олинган.
Давлат солиқ қўмитасига кўра, Ўзбекистонда жорий йилнинг 11 ойида солиқ органлари томонидан 135,8 трлн сўм тушумлар таъминланиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 20 трлн сўмга ўсишга эришилди.
Солиқ турлари кесимида мол-мулк солиғидан 3,6 трлн сўм ундирилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,3 трлн сўмга ёки 157 фоизга ўсишга эришилди.
Шунингдек, январь—ноябрь ойларида ер солиғидан 4,8 трлн сўм ундирилган. Бу кўрсаткич 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 1,2 трлн сўмга ёки 133 фоизга ўсган.
Бундан ташқари, айланмада олинадиган солиқлардан 2,3 трлн сўм ундирилган бўлса, ҚҚС тушумлари 30,4 трлн сўмни ташкил қилган.
Изоҳ (0)