Кеча, 11 декабрь куни Ашхобод шаҳрида Туркманистон бетарафлигининг 27 йиллиги муносабати билан «Мулоқот – тинчлик гарови» мавзусидаги халқаро анжуман ўтказилди. Тадбирда Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати раиси бошчилигидаги делегация ҳам иштирок этди. Бу ҳақда юқори палата ахборот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Тадбирда Туркманистон ҳукумати, БМТ, Европа иттифоқи вакиллари, Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллар мулоқоти аъзолари иштирок этган. Анжуманда Ўзбекистон Сенати раиси Танзила Норбоева нутқ сўзлаб, Туркманистон бетараф мақомининг халқаро миқёсда тан олиниши мамлакат ривожида муҳим воқеа бўлганини айтди.
Туркманистон бетараф мақомининг халқаро миқёсда тан олиниши туркман давлатчилиги ва унинг ташқи дунё билан муносабатлари тарихида бурилиш нуқталаридан бирига айланган воқеа бўлди. Мамлакат раҳбарияти бетарафликнинг асосий меъёр ва тамойилларига содиқлик билан жаҳон миқёсида фаол ҳаракатларни амалга ошириш мумкинлигини исботлади. Бу биринчи навбатда, қўшни давлатлар билан сиёсий, савдо-иқтисодий, гуманитар ва бошқа соҳалардаги алоқаларни жадал ривожлантириш имконини берди.Ўзбекистон—Туркманистон муносабатлари икки яқин қўшни давлат ўртасидаги ҳамкорлик қандай йўлга қўйилиши ва ривожланишига мисол бўла олади, десак муболаға бўлмайди. Умумий сиёсий ирода ва олий даражадаги ишончга асосланган мулоқот Ўзбекистон—Туркманистон муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг асосий кафолатидир. Ишонч билан айтиш мумкинки, икки томонлама алоқаларимиз қардош халқларимизнинг кўп асрлик дўстлиги, яхши қўшничилик ва бир-бирини қўллаб-қувватлаш руҳидаги стратегик шериклик характерига эга бўлди.Анжуманда Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари, ташқи ишлар вазири Рашид Мередов ҳам икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик масаласи ҳақида гапирган.
Ўзбекистон мамлакатимиз учун қўшни қардош давлат эканини, 31 йил давомида Туркманистон томонидан халқаро майдонларда илгари сурилаётган барча халқаро ташаббусларни ишончли қўллаб-қувватлаб келган ва кўрсатиб келаётганини алоҳида таъкидламоқчиман. Биз, аввало, Ўзбекистоннинг қўллаб-қувватлашини юксак қадрлаймиз. Ўз навбатида Туркманистон ва Ўзбекистон ўртасидаги сиёсий ва дипломатик ҳамкорликнинг юқори динамикасини қайд этишни истардим. Бир неча йиллар давомида динамикага асосий туртки бўлиб, олий давлат даражасидаги мунтазам ташрифлар бўлди.
Конференция ялпи мажлиси ҳамда «Мулоқот – низоларнинг олдини олиш асоси», «Мулоқот орқали озиқ-овқат ва экологик хавфсизликни мустаҳкамлаш», «Кибермаконда кўп томонлама ҳамкорлик ва онлайн тармоқларнинг халқаро мулоқотни барпо этишдаги роли» мавзуларидаги учта сессияда халқаро ҳамкорликни кучайтиришнинг амалий жиҳатлари ҳамда ушбу йўналишлардаги саъйи-ҳаракатларни бирлаштириш масалалари кўриб чиқилди.
Изоҳ (0)