Намангандаги хонадонларнинг бирида ёнғин юз бериб, икки киши куйиш тан жароҳатини олди. Бу ҳақда вилоят ФВБ матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 11 декабрь куни соат 01:13 да Наманган шаҳар ФВБга «Диёр» МФЙ ҳудудида жойлашган хонадонларнинг бирида ёнғин содир бўлаётгани ҳақида хабар келиб тушган. Хабарга асосан бўлимнинг 1,3-сонли Ёнғин қутқарув қисмининг экипажларини воқеа жойига соат 01:18 да етиб борган ва ёнғин соат 01:45 да тўлиқ бартараф этилган.
Ёнғин натижасида яшаш уйининг шифт ва том қисмидан 70 квадрат метр жойи ҳамда уй-рўзғор буюмлари ёниб зарарланган. Ёнғин вақтида хонадон эгаси, 1952 йилда туғилган фуқаро 65 фоиз, уй эгасининг ўғли — 1980 йилда туғилган 2-гуруҳ ногирони 95 фоиз куйиш тан жароҳати олган.
Ёнғин газ ва ҳаво аралашмаси чақнаши оқибатида келиб чиққани тахмин қилинмоқда. Хонадон эгаси билан суҳбатлашилганда хонани иситиш мақсадида қўлда ясалган туника печига газ сўрғич ўрнатилганини баён этган.
Ҳозирда содир бўлган ёнғин юзасидан терговга қадар суруштирув ишлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)