Россия президенти Владимир Путин Россияда яқин орада сафарбарликнинг иккинчи тўлқини бошланиши мумкинлигини рад этмоқда. Бундай баёнотни у Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзолари билан учрашувда эълон қилди.
«Қандайдир қўшимча сафарбарлик тадбирлари ҳақидаги гаплар шунчаки маънога эга эмас, бугунги кунда давлат ва Мудофаа вазирлиги учун бунга ҳеч қандай зарурат йўқ», — деди Путин.
Россия президенти қайд этишича, ҳатто биринчи тўлқинда армияга чақирилганларнинг ҳаммаси ҳам ҳалигача фронтга етиб боргани йўқ: Путиннинг сўзларига кўра, сафарбар этилган 300 минг кишининг 150 минг нафаригина «махсус ҳарбий операция» зонасида бўлиб турибди.
Шу билан бирга, Путин «махсус ҳарбий операция узоқ давом этадиган жараён бўлиши мумкинлиги» ҳақида фикр билдирди.
Россия ҳукумати ноябрь бошидан буён мамлакатда сафарбарлик якунланганини даъво қилиб келмоқда. Шу билан бирга, Кремль тегишли президент фармонини чиқариш ҳақидаги сўровларни рад этиб, бундай ҳужжат керак эмаслигини таъкидламоқда. Мустақил юристлар қайд этишича, фармон имзоланмагунича, сафарбарлик тадбирлари исталган вақтда давом эттирилиши мумкин.
Сафарбарлик бўйича оммавий кампания ноябрь бошида якунланганига қарамай, Россиянинг турли ҳудудларидан ҳарбий комиссариатлар одамларга чақирув қоғозлари юбориб, уларни урушга олиб кетаётгани ҳақида мунтазам равишда хабарлар келиб тушмоқда.
Аввалроқ Путин москвалик депутатлар илтимосига қарамай, сафарбарликнинг якунланиши ҳақида фармон имзоламоқчи эмаслиги ҳақида унинг матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилган эди.
Шунингдек, Песков сафарбарликнинг иккинчи тўлқини бошланиши мумкинлиги ҳақидаги хабарларга эътибор қаратмасликка чақириб, «мудофаа вазирлиги ва президентдан келиб тушаётган ахборотга урғу бериш»ни таклиф қилди. У бундай хабарларни «провокацион» деб атади.
Мавзуга доир:
- Украина Россия 10 декабрдан янги «яширин сафарбарлик» ўтказишга тайёрланаётганини хабар қилди
- «Нуқта қўйилган». Кремль сафарбарликни якунлаш учун президент фармони шарт эмаслигини маълум қилди
- Путин: «Россияда сафарбарлик якунланди, бу масалага нуқта қўйилган»
- Фуқароларни қисман сафарбарликка чақириш тўхтатилди — Россия Мудофаа вазирлиги
Изоҳ (0)