Нидерландия парламентининг қуйи палатаси — Вакиллар палатаси Россиянинг Украинага босқини сабаб уни терроризмга ҳомий давлат деб эълон қилди.
NRC Ҳанделсблад газетасининг ёзишича, 24 ноябрь куни ушбу қарор учун парламент аъзоларининг мутлақ кўпчилиги овоз берган. Россия армияси Украинадаги тинч аҳоли нишонларини «атайлаб» ўққа тутмоқда, дейилади парламентда қабул қилинган ҳужжатда.
Нидерландия ташқи ишлар вазири Вопке Хукстранинг таъкидлашича, парламент қарори фақат рамзий бўлиб, мамлакат қонунчилигида терроризм ҳомийси деб эълон қилинганлар учун ҳеч қандай оқибатлар кўзда тутилмаган.
23 ноябрь куни Европарламент Россияни терроризмга ҳомийлик қилувчи давлат сифатида тан олиш тўғрисидаги резолюцияни қабул қилган эди. Россиянинг Украинага бостириб киришидан кейин Литва, Латвия, Эстония, Польша ва Чехия парламентлари у ёки бу шаклда Россияни терроризмни қўллаб-қувватловчи давлат деб тан олди. Европа кенгаши парламент ассамблеяси ва НАТО ҳам ўз аъзоларини Россияни «террорчи режим» деб тан олишга чақирган.
Изоҳ (0)