Ўзбекистон Афғонистонга экспорт қилинадиган электр энергияни икки баравар қисқартирди. Бу ҳақда Tasnim news хабар берди.
Афғонистоннинг Da Afghanistan Breshna Sherkat (DABS) электр компанияси бош операцион директори Сафиуллоҳ Аҳмадзай сўнгги кунларда Ўзбекистон Афғонистонга экспорт қилинадиган электр қуввати ҳажмини икки бараварга 430 мегаваттдан 200 мегаваттгача камайтирганини маълум қилди.
«Ўзбекистон бунинг сабабини мамлакат электр энергияси ишлаб чиқариш қурилмаларидаги техник носозлик билан изоҳлади. Ўзбекистон бу муаммони уч кун ичида ҳал қиламиз, деб ваъда қилган бўлса-да, бу ҳолат ҳамон сақланиб қолмоқда», — дейди Аҳмадзай.
Расмийнинг таъкидлашича, Ўзбекистондан электр энергияси импортини камайтириш мақсадида Брешна компанияси Тожикистон ва Туркманистон билан алоқада бўлиб, бу давлатлар ёрдамида электр таъминотини қопламоқчи.
Эслатиб ўтамиз, 13 ноябрда Ўзбекистондан Афғонистонга электр энергияси етказиб бериш вақтинчалик узилганди. Афғонистондаги 13 вилоят, жумладан, Кобулда электр энергияси Ўзбекистондан импорт қилиниши ҳисобига таъминланади. Қўшни республика электр энергиясини Эрон, Туркманистон ва Тожикистондан ҳам импорт қилади.
Изоҳ (0)