АҚШ Марказий разведка бошқармасининг разведка хизмати бошлиғи Дэвид Марлоу бошқарма Украинадаги урушдан норози россияликлар билан ҳамкорлик қилиш ниятида эканини айтди. Бу ҳақда The Wall Street Journal Марлоунинг баёнотига асосланиб хабар бермоқда.
«Босқин бошланишидан аввалги кун Путин чўққида эди», — деди Марлоу Хэйден марказидаги нутқида. Унинг тушунтиришича, уруш бошланишидан олдин Россия президенти ўз мамлакатининг кучи Украина ва НАТОга таъсир ўтказа олиши ҳақида гапирган. «Аммо у бир-кетин ҳаммасини бой берди», — дея қўшимча қилди разведка бошлиғи.
«Биз бутун дунё бўйлаб бунга (Украинадаги урушга) биз каби қарши бўлган россияликларни қидирмоқдамиз ... Биз ҳамкорликка тайёрмиз», — деди Марлоу.
The Wall Street Journal қайд этишича, разведка бошлиғининг сўзлари МРБ собиқ ходимларининг баёнотларига мос келади — уларда Россиянинг Украинага босқини россиялик ҳарбийлар, олигархлар, бизнесменлар ва уруш бошланганидан кейин Россияни тарк этганлар орасидан янги агентларни ёллаш учун қулай замин яратиши таъкидланган.
Украинада уруш бошланганидан кейин Россия ва Ғарб давлатлари юзлаб дипломатларни ҳудудидан чиқариб юборди. «РБК» ҳисоб-китобларига кўра, 2022 йилнинг январидан августигача дипломатик ваколатхоналарнинг 550 дан ортиқ ходими Россияга қайтарилган, уларнинг баъзилари жосусликда гумон қилинган. Россиялик дипломатларнинг аксарияти АҚШ, Болгария ва Польшадан чиқариб юборилган. Бунга жавобан Россия ҳам 300 дан ортиқ одамни чиқариб юборди.
Изоҳ (0)