Тошкент шаҳри Яшнобод туманида фуқарога куч ишлатиб, пулларини олиб қўйган сохта ички ишлар ходимлари ушланди. Бу ҳақда Тергов департаменти хабар бермоқда.
Маълум бўлишича, 17 ноябрь куни соат 19:00 да икки номаълум шахс олдиндан ўзаро жиноий тил бириктириб, ўзганинг мол-мулкини босқинчилик йўли билан талон-торож қилмоқчи бўлган. Яшнобод тумани «Чўлпон» маҳалласи ҳудудидан ўтувчи Кичик ҳалқа йўли ёқасида бўла туриб, 26 ёшли Ж.Қ.нинг олдига келиб, унга ўзларини ИИБ ходими деб таништириб, уни ноқонуний валюта айирбошлашда айблаган. Сўнг Юнусобод тумани ИИО ФМБга олиб боришларини айтиб, номаълум шахслардан бирининг бошқарувидаги Nexia-3 автомашинасига ўтқазиб, тумани «Чўлпон» маҳалласи ҳудудига олиб борган. Ж.Қ.ни пичоқ билан қўрқитиб, юз ва бош қисмларига уриб, тан жароҳат етказиб, 1 миллион 100 минг сўм пулини тортиб олган.
Олиб борилган тергов-тезкор ишлар натижасида мазкур жиноятни муқаддам судланган 30 ёшли А.Ё. ва 35 ёшли Н.У. содир этилгани, ҳодиса содир бўлган жой ҳамда Н.У.нинг бошқарувида бўлган Nexia-3 кўздан кечирилганда автомашинанинг юкхонасидан 1 дона ошхона пичоғи ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Миробод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 164-моддаси (босқинчилик) 2-қисми «а» ,«б» бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, босқинчилик содир этган шахсларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мавзуга доир:
Изоҳ (0)