Украина Иқтисодиёт вазири ўринбосари Тарас Качканинг айтишича, ташқаридан молиявий ёрдам бўлмаса, мамлакат Россия билан зиддиятда қулаб тушади. Бу ҳақда The Washington Post хабар бермоқда.
Бюджетимизни молиявий қўллаб-қувватлаш бизга ҳарбий ёрдамнинг бир қисмидир. Бусиз молиявий тизимимиз қулаб тушади. Бу эса Россиянинг зудлик билан ғалаба қозонишини англатади, — дейди Качка.
Украина Иқтисодиёт вазири Юлия Свириденконинг сўзларига кўра, келаси йили мамлакатга иқтисодий ёрдам учун 38 миллиард доллар керак бўлади.
Унинг нашрга айтишича, бу йил Украина ялпи ички маҳсулоти 35 фоизга камайди, солиқлар эса бюджетнинг фақат бир қисмини қоплайди.
Свириденко Украина Қўшма Штатлар томонидан кўрсатилаётган ёрдамни қадрлашини, бироқ мамлакат иқтисодий тизим фаолиятини қўллаб-қувватлашда давом этиши муҳимлигини айтди.
Аввалроқ, Олий Рада депутати Ярослав Железняк Украина бюджетининг ярми мудофаага сарфланишини айтган эди.
1 октябрь куни АҚШ президенти Жо Байден Киевга 12,4 миллиард долларлик қўшимча ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қонунни имзолади.
Газетага кўра, Қўшма Штатлар жорий йилда Украинани қўллаб-қувватлаш учун жами 54 миллиард долларга яқин маблағ юборган.