Қашқадарё вилоятининг туризм ривожланган қишлоқларида хитойликлар томонидан осма дор йўллар қурилади. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Аҳрор Содиқов хабар берди.
Маълум қилинишича, кеча, 10 ноябрь куни вилоят ҳокими Муроджон Азимов Хитой Халқ Республикасининг China CAMC Engineering Co.,LTD компанияси делегацияси билан видеоконференцалоқа форматида учрашув ўтказган.Йиғилишда Китоб туманининг Қайнар, Шаҳрисабзнинг Мираки ва Қамаши туманининг Майданак ҳудудида замонавий осма дор йўлларини барпо этиш, вилоят ҳудудида замонавий агрологистика марказларини қуриш, «Қарши» эркин иқтисодий зонаси ҳудудида компаниянинг инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, «Чироқчи» эркин иқтисодий зонаси ҳудудида «яшил энергетика»га ўтиш ва энергия тежовчи технологиялар бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш каби масалалар муҳокама қилинди, — дейди Аҳрор Содиқов.Аҳрор Содиқовнинг қўшимча қилишича, хитойликлар осма дор йўлларни ёзда кунига 45 мингдан 600 минг нафаргача сайёҳ борувчи Қайнар ва Мираки қишлоқларида қуришни режалаштирган.
Қашқадарё вилоятининг жойлашуви, табиати ва туристик салоҳиятини инобатга олиб, икки ҳафта муддатда компания мутахассисларидан иборат делегация вилоятга ташриф буюриб, осма дор йўлларини қуриш бўйича ҳудуднинг салоҳияти ҳамда имкониятларини ўрганиши таъкидланди. Агар Хитой компанияси томонидан мазкур лойиҳаларни қуришга инвестиция киритиш истаги билдириладиган бўлса, маҳаллий ҳокимлик томонидан туризмни ривожлантириш мақсадида инфраструктура объектлари (йўл, электр, газ) тайёр ҳолда топширилиши тўғрисида ҳам фикр билдирилди, — дейди Аҳрор Содиқов.
Қашқадарё вилоят ҳокими томонидан Хитой инвестициялари иштирокидаги қўшма ва хорижий корхоналар 38 тани ташкил қилиши, давлатлар ўртасидаги ижобий савдо-иқтисодий алоқалардан келиб чиқиб ушбу рақамни икки бараварга ошириш имконияти мавжудлиги таъкидланган.
Шунингдек, учрашувда Хитой томони энергетика, қишлоқ хўжалиги ва саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўналишида қўшимча учрашув ташкил қилиш ва ҳамкорлик истиқболларини яна-да кенгроқ таҳлил қилиш бўйича келишувга эришилган.